Йўл тўсишлар жарима билан жазоланади

567

Президент Алмазбек Атамбаев маъмурий қонунбузарликларга ўзгартиришлар киритди. Ўзгартиришларга кўра, энди автомобил йўлларини тўсганлар жаримага ёки уч соатлик маъмурий қамоққа тортилади.

Президент матбуот хизматига кўра, ўзгартиришлар киритишга фуқороларнинг эркин ҳаракатлана олишларини таъминлаш сабаб бўлган.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, кодексга янги 231 модда қўшилди. Бу моддада ноқонуний йўл тўсган фуқороларга 3 минг сомдан 5 минг сомгача, юридик шахсларга эса 50 мингдан 70 минг сомгача жарима солиниши кўзда тутилган.

Қонунни амалда ишга ошириш мақсадида, ички ишлар органларига қонунбузарларни ушлаш, уларга жарима солиш ваколатлари берилди.

Ички ишлар министрлиги матбуот котиби муовини Шамшибек Моморов милиция фақат йўлни тўсувчи кимсаларни қўлга олишини, тинч митингчилар бундан мустасно эканини айтди.

«Ўз ҳаққини талаб қилаётган кимса, бошқалар ҳуқуқини поймол қилмаслиги керак. Қонун бор, милиция ўша қонунни бузган барчага нисбатан чораларни қўллайди. Ким қонунни бузса, ўшани ушлаймиз», — деди Моморов.

Қонунга ўзгартиришлар «Ата Мекен» партияси тарафдорларининг парламент биноси олдидаги Чуй проспектидаги ҳаракатни бир неча соатга тўсиб қўйганларидан сўнг киритилди.

Шаҳар мэрияси йўлни тўсганларни жавобгарчиликка тортмоқчи бўлган, бироқ қонунда бундай банд йўқлиги сабаб буни қилолмаганини айтади Бишкек мэрияси матбуот котиби Чинара Усупбаева.

«Йўлни тўсиш мумкин эмас — бу шаҳар фаолиятига ҳалал беради, шаҳарликларга ноқулайликлар олиб келади. Йўлни тўсиш ҳеч бир қоидага тўғри келмайди деб ҳисоблайман», – деди у.