«Общественный рейтинг» газетаси мухбири экс омбудсмен ҳамда депутат Турсунбай Бакир уулу унга ҳужум қилганини билдирди. Депутатнинг ўзи журналистни урмаганини айтяпти. Бошқа депутат Ирина Карамушкина собиқ омбудсмен журналистнинг “юзига урганини” айтди.
«Общественный рейтинг» газетаси мухбири Эрик Исраилов Kloop.kgга берган интервюсида ҳозирда юристлар билан маслаҳатлашаётганини ва депутатни судга бермоқчилигини айтди.
Журналист депутат зарбасидан сўнг сезиларли тана жароҳати олмаганини айтди.
«Биз хонадан чиқиб кетаётганимизда у Карамушкина гувоҳлигида мени урди», — деди у.
Бакир уулу Kloop.kg билан суҳбатда журналист юзига урмаганини, шунчаки унинг қўлидан ушлаб диванга ўтиргизганини айтди. Ҳодиса феврал ой бошида депутат хонасида юз берган.
«Агар мен уни урган бўлсам, нима учун у ўша куниёқ касалхонага бормади, шифокорлар кўрсатмасини олиб, спикерга мурожаат қилмади», — дейди депутат.
У жарналист билан ўтган ҳодисани — «провокация» деб баҳолади.
«Қобилиятсиз журналист шу тариқа обрўсини оширмоқчи бўлса, унга Худонинг ўзи кўрсатади. Агар унинг нияти холис бўлса, нега мендан рухсат сўраб пропуск олмади. У аввалдан провокацияни тайёрлаган», — дейди депутат.
Можаро гувоҳига айланган депутат Ирина Карамушкина ҳамкасби Бакир уулу журналист Исраиловни юзига “урганини” тасдиқлади.
«Биз энди чиқаётганимизда Эрик унга: “Яхшиям сизни омбудсмен қилиб сайлашмади” деди. Турсунбай унга ташланиб ёқасидан тортиб диванга ётқизди ва юзига урди», — деди Карамушкина.
Унинг сўзларига кўра, Бакир уулу яна бир неча бор журналистни уришга ҳаракат қилган.
Журналист ҳамда депутат ўртасидаги можарога Бакир уулунинг «Фэйсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида чоп этган қирғиз тилидаги мақол сабаб бўлган.
Мақол Карамушкинанинг ОАВга берган интервюсида ҳарбийларнинг рус тилини билмаслиги туфайли, улар билан сўзлашиш қийинлигини айтганига жавоб тариқасида ёзилганди.
Қирғиз тилида мақол: «Жаман үйдо конок бийлейт» деб айтилади. Исраилов ҳамда Карамушкиналар уни : «Уй эгаси ёмон бўлса, уйида меҳмон рақсга тушади» деб таржима қилишган.
Карамушкина ҳамда журналист Турсунбай Бакир уулу нега депутат Карамушкинани “меҳмон” деб ҳисоблашини суриштириш учун унинг хонасига боришган ва у ерда можаро чиққан.
Бакир уулу Kloop.kg билан суҳбатда мақолнинг Карамушкинага алоқаси йўқлигини ва у депутатни “меҳмон” деб ҳисобламаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, мақол ҳарбийларга қаратилган бўлган. Депутат фикрича, буйруқларни фақат қирғиз тилида бериш бу нормал ҳол.
У мақолни қуйидагича таржима қилди: «Агар хўжайин тартибга сололмаса, унда четдагилар унга буйруқ беришни бошлайди».
«Агар биз давлат тилида буйруқлар берилишига имкон яратиб армияда давлат тилини тасдиқлай олмасак, унда ёмон хўжайинни танқид қилишимиз керак», — деди депутат.
«Ар-Намыс» фракцияси депутати Турсунбай Бакир уулу 2005 йилдан 2007 йилгача давлат ҳуқуқ ҳимоячиси лавозимида ишлаган.
2012 йил якунида бу лавозим учун у яна қайта ўз номзодини қўйганди, бироқ депутатларнинг аксари бу лавозимга Турсунбек Акунни лойиқ топишганди.