Бишкек марказида «поезд уриб кетган киши» тирик қолди

540

«Қирғиз темир йўллари»нинг хабар қилишича, 29 январ куни эрталаб тепловоз Бишкек марказида бир одамни уриб кетган. Бахтли тасодиф туфайли, поезд урган киши омон қолган.

Садирбек Карагуловни 29 январ куни соат 10:20да поезд уриб кетгани ва у шаҳарнинг №4 шифохонасига олиб борилганини хабар қилди «КыргызТемирЖолу» давлат корхонаси матбуот котиби Эркин Каимов.

«Уни тез ёрдам машинасида олиб кетишди. Тепловоз ҳайдовчиси шошилинч тўхташ тугмасини босган, бироқ бу фойда бермаган. Ҳайдовчи ўша кишини уриб кетган бўляпти», — деди Каимов.

Ҳодиса Бишкек марказининг Лев Толстой ва Логвиненко кўчаларининг кесилишида юз берди.

Тўқнашувда тирик қолган Садирбек аҳволи ҳозирча қониқарли деб баҳоланяпти.

«КыргызТемирЖолу» давлат ширкати ҳодисада жабрланганнинг ўзи яйбдор эканини билдирди — уларга кўра, темир йўл бўйида рельслардан юришни таъқиқловчи белгилар бор.

«Бунга қарамай у темир йўл бўйи билан юрган ва ҳатто у ерда ўтирган», — деди Каимов.

Жабрланган олиб борилган шаҳарнинг №4 касалхонаси бош шифокори поезд уни урмаганини айтди.

«Уни поезд урмаган, у маст ҳолатда бўлган ва рельсга яқин жойда турган, ўтиб кетаётган поезд шамолига у йиқилиб тушган. Унинг бош мияси бироз чайқалган [...] поезд унга тегмаган ҳам», — деб таъкидлади бош шифокор Алмаз Кубатбеков.