«Гугл»нинг қирғиз версиясига «жазоирлик» хакерлар ҳужум қилишди

592

Дунёдаги энг йирик қидирув тизимларидан бири ҳисобланган «Гугл»нинг қирғиз версияси ташқи кўриниши ўзларини MCA-CRB деб номловчи хакерлар гуруҳи тарафидан ўзгартирилди.

29 январ куни қирғизистонлик интернет фойдаланувчилари сайтни очганларида инглиз тилидаги «жазоирлик хакер MCA-CRB назорати остида» деган ёзувни кузатишди.

Унинг остида эса болалар сурати туширилган ва унга «Саросимага ўрин йўқ. Бу хакерларнинг янги авлоди» деб ёзилган.

Қирнетнинг google.kg кирмоқчи бўлган айрим фойдаланувчилари эса экранларида «уланишдаги хато»ни кўришди.

«Гугл» ширкати Kloop.kgнинг масала юзасидан юборган сўровларига жавоб берганича йўқ.

Ҳудди шунингдек муаммо «Гугл»нинг румин версиясида ҳам 2012 йили кузатилганди — ўшанда ҳам машҳур қидирув тизими MCA-CRB деб номланувчи хакерлар тарафидан ҳужумга учраганди.

«Гугл»нинг қирғиз ва румин версияларига қилинган ҳужум асоратлари бирдай бўлди — баъзи фойдаланувчиларда «Гугл» одатдагидек ишлаяпти.

Ўшанда «Гугл» ўзининг серверлари ҳужумга учрамаганини, хакерларнинг қилган иши бор-йўғи фойдаланувчиларни google.ro доменидан бошқа сайтга йўллаганини билдирганди.

MCA-CRB — 2012 йилнинг энг фаол хакер гуруҳларидан бири. У ўтган йилда 5 мингга яқин сайтларга ҳужум уюштирган.

Авторы: Александра Ли