Қиз ўғирловчиларга жазо қаттиқлашди

409

26 январ куни президент Алмазбек Атамбаев қизнинг хоҳишига қарши равишда унга уйланиш учун ўғирлаб қочганларга жазо чорасини кучайтиришни кўзда тутган қонунга қўл қўйди. Эндиликда бундай жиноят учун етти йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Қонун парламент тасдиқлагандан сўнг бир ой ўтиб президент тарафидан ҳам тасдиқланди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳозирги кунда мазкур жиноят учун уч йилгача қамоқ жазоси кўрилган Қирғизистон жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилади.

Қизларни зўрлаб олиб қочишга қарши очилган миллий ҳаракат етакчиси Римма Султанова ўз мамнуниятини яширмапти.

«Ўз хоҳишига қарши равишда ўғирланган ва бу оғир юк билан яшашга мажбур бўлган қизларнинг додини эшитган давлатимизга мен ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди у.

Бунгача мазкур қонун лойиҳаси жамиятда тортишувларга сабаб бўлганди — қирғизистонликларнинг бир қисми қиз ўғирлашни жиноят деб ҳисобласа, бошқаси буни “миллий одат” деб билади.

«Равенство сейчас» фондининг 2011 йили тарқатган маълумотларига кўра, Қирғизистонда йилига 11 мингдан 16 мингтагача мажбурлаб уйланиш мақсадида қиз ўғирлаш ҳолатлари кузатилади.

Қирғизистонда бу жиноят учун энг катта жазо муҳлатини олган киши — олти йиллик қамоқ жазоси билан жазоланган.

Авторы: Эльдос Казыбеков