Қирғиз жамоаси КВНнинг Олий лигасига йўл олди

637

Қирғизистоннинг «Азия Микс» жамоаси келаси йилдан бошлаб КВНнинг Олий лигасида ўйнай бошлайди.

Қирғизистоннинг «Азия Микс» жамоаси эндиликда Россия, Украина ва Беларусиянинг 19 жамоаси билан КВНнинг Олий лигасида курашадиган бўлди.

Қирғизистон мустақил бўлгандан буён Қувноқлар ва зукколар ўйинида бирорта ҳам Қирғизистон жамоаси унинг Олий лигасига етиб бормаганди.

Қирғиз жамоасининг Олий лигага ўтганини биринчи бўлиб жамоа иштирокчиси Ротислав Яшенко «Фэйсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.

Қирғизистоннинг яна бир жамоаси «Тамашоу» КВНнинг бир поғона пастроқ ҳисобланган Премер лигасига ўтди.

Қирғизистоннинг ҳар иккала жамоаси Сочида ўтган «КиВиН-2013″ фестивалидаги муваффақиятли иштирокидан сўнг мазкур ўйинда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

КВНнинг Олий лигаси 12 феврал куни, Премер лигаси эса 1 апрел куни бошланади.

Ҳар иккала мусобақа Россиянинг «Биринчи канал»идан кўрсатилади.

«Қувноқлар ва зукколар» — машҳур юмористик ўйини 1961 йили СССРда пайдо бўлган.

1964 йилдан буён уни Александр Масляков олиб боради.

1971 йили ўйинда СССР устидан қилинган ҳазил учун у ёпилган.

Орадан 15 йил ўтиб ўйин қайта эфирга берилган ва шундан буён у собиқ Советлар иттифоқи худудида энг машҳур телевизион шоулардан ҳисобланади.

Авторы: Бектур Искендер