Ташиев адвокати депутат соғлиги ёмонлашганидан уни СИЗОдан қўйиб юборишни сўраяпти

732

«Ата-Журт» лидери Қамчибек Ташиев ҳимоячисига кўра, депутат аҳволи кундан кунга оғирлашяпти. Унинг таъкидлашича, Миллий хавфсизлик давлат комитети уни «энг ёмон» камерага кўчирган ва бир кун боқмаган. МХДҚ матбуот хизмати адвокат айбловларини рад этди.

Ташиев адвокати Икрамидин Айткулов Kloop.kg билан суҳбатда унинг ҳимояси остидаги шахснинг соғлиги кундан-кунга ёмонлашиб бораётганини айтди.

«Мен келдим, терговчи уни чақирди, уни олиб келиш буйруғини берди, лекин уни олиб келишмади. [...] Уни қорни оғрияпти, ошқозонида касали бор», – дейди адвокат.

Айткулов сўзларига кўра, ўтган ҳафтада Ташиевни бошқа камерага кўчиришган ва бир кун бўйи боқишмаган.

«Бунгача бир неча кун аввал, свет йўқлигини баҳона қилишиб уни бошқа, ёмонроқ камерага кўчиришди. [...] Мен уни олдига кирганимда у менга: “Мен кун бўйи ҳеч нарса емадим, чунки овқат беришмади” деди», – деди «Ата-Журт» лидери ҳимоячиси.

Айткулов маҳкамадан ҳимояси остидаги шахсга жазо чорасини ўзгартиришни сўради.

Бишкек шаҳар суди адвокат илтимосини 14 декабр куни кўриб чиқади.

Миллий хавфсизлик давлат комитети матбуот котиби Нурлан Токталиев Kloop.kgга Ташиевни боқмай қўйиш иложсиз эканини айтди.

«Бундай бўлиши мумкин эмас, бизда 3 маҳал овқат берилади. Барчани бирдай боқамиз», – деди Токталиев.
Котиб барча камералардаги шароитлар бир хил эканини билдирди.

«Бизда барча камкераларнинг барчаси ўхшаш, улар яхши ёки ёмон бўлиб бўлинмайди», – деди Токталиев.

“Ата-Журт” раҳнамоси 3 октябрда Бишкек марказий майдонида “Кумтор” олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингдан кейин қўлга олинган эди.

Kloop.kg мухбирлари баҳосига кўра, намойишда мингга яқин одам иштирок этган.

Норозилик акцияси вақтида митинг қатнашчиларининг бир қисми мухолифатчилар билан бирга ҳокимият биноси атрофидаги деворлардан ошиб ўтишган ва ичкарига киришга уринган, бироқ улар қўриқчилар ҳамда милиция тарафидан сиқиб чиқарилган.