Қирғизистонда бошқарувчи Социал демократлар партияси Бишкек шаҳар кенгаши сайловларида ғолиб бўлди — 90% фоиз бюллетенлар кўриб чиқилгандан сўнг партия 32% фоиз овоз олишга эришди. Бу мухолифатдаги «Республика» олган овозлардан икки ҳисса кўп демакдир.
100% бюллетенлар ўрганилиб чиқилгандан сўнг овозлар ўзгармаса, унда Қирғизистон Социал демократлар партияси Бишкек шаҳар кенгашидаги 45 ўриндан 21га эришади.
Сайловларда учинчи ўринда бораётган «Ата-Мекен» СДПКнинг иттифоқдоши экани ҳисобга олинса, сайлов натижалари шаҳарнинг жорий мэри Социал демократ Иса Омуркуловнинг ўз ўрнида қолишини англатади.
Мухолафатдаги партия «Республика» Бишкек сайловларида тақрибан 18% фоиз овоз тўплаб иккинчи ўринни эгаллади. Бу партия шаҳар кенгашида 11 ўринга эга бўлишини билдиради.
Шаҳар кенгашига ўтган тўртинчи партия «Замандаш-Современник» бўлди. Мазкур партия шаҳар кенгашига ўтган давлат парламентида йўқ ягона партия бўлди.
«Ата-Мекен» ва «Замандаш» бир бирига жуда яқин натижалар кўрсатди, бироқ ҳисоботнинг сўнгги қисмида «Замандаш» рақибидан бироз ортда қолди.
Ҳозирги ҳолатда «Ата-Мекен» ва «Замандаш» тегишли равишда шаҳар кенгашида 7 ва 6 депутатлик ўриндиқларига эга бўлади.
СДПК ҳамда мухолиф «Республика» партиялари сайлов жараёнида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйганлари учун танқидга олинди.
Сайловчиларни “сотиб” олаётгани ҳақида хабарлар тарқагандан сўнг «Республика» Марказий сайлов қўмитасидан огоҳлантириш олди.
Ўз ўрнида партия ҳукуматдаги СДПК маъмурий манбалардан фойдаланаётганидан шикоят қилди.
Парламент депутати, «Ар-Намыс» партияси вакили Токон Мамитов ўтган сайловларни аввалги президентлар давридаги сайловларга нисбатан адолатлироқ ўтганини айтди.
«Биз маҳаллий кенгашларга ўтган сайловларни биринчи ва иккинчи президент давридаги сайловлардан кўра адолатлироқ, шаффофроқ ўтганини тан олишимиз керак», — деди Мамытов «Вечерний Бишкек» газетасига берган интервьюда.
Бишкекдан ташқари сайовлар мамлакатнинг яна 29 шаҳарларида бўлиб ўтди. Бу шаҳарлардан тўрттаси — Жалолобод, Талас, Норин ва Боткен вилоят марказлари ҳисобланади.
СДПК сўзга олинган 4 вилоят марказининг фақат биттаси, Норинда ғалабага эришди. Қолган марказларда эса турли партиялар ғалаба қозонган.
Жалолободда 35% фоиз овоз тўплашга эришган жорий мэр партияси «Өнүгүү» биринчи ўринни эгаллади.
Таласда эса биринчилик Талас вилоятида туғилган Омурбек Бабанов етакчилиги остидаги «Республика»га насиб этди.
Боткенда ғолибликни Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан яқиндан иш олиб борувчи «Замандаш-Современник» партияси қўлга киритди.