Коррупцияга қарши кураш ташкилоти молиялаштирилишнинг учдан биридан айрилиши мумкин

767

Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, иқтисодий жиноятларга қарши кураш Давлат хизмати ҳаражатлари 30 фоизга қисқариши мумкин. Сўров ўткизилган депутатларнинг бу борадаги фикри турличадир.

Ҳукумат иқтисодий жиноятларга қарши кураш Давлат хизмати (ИЖҚКДХ) бюджетини 13 млн сомдан кўпроқ миқдорда камайтириш бўйича қонун лойиҳасини депутатлар муҳокамасига қўйди, деб ёзади “Тазабек” ахборот агентлиги сайти.

Молия вазирлиги матбуот хизмати мамлакатда воситаларни тежаш муносабати билан бюджет қисқартирилмоқда, деб хабар берди.

ИЖҚКДХ ходими қонун лойиҳаси ҳақида маълумоти йўқлигини айтди.

Сўров ўткизилган парламент аъзоларининг бу борадаги фикри турличадир. Депутат Чолпон Султанбекова бу қонун лойиҳасига қарши.

“Маошнинг камайтирилиши, менимча, мақсадга мувофиқ эмас ва бу шароитни издан чиқаради, катта ҳаяжонларга олиб келади. Агар тўғри йўл билан етарлича маош ололмаса, киши қандайдир ноқонуний ҳаракатларга ўтади”, - деб ўйлайди халқ депутати.

Депутат Қанибек Осмоналиев Султанбековани қўллайди.

“Маошнинг камайтирилиши нотўғри”, - дейди Осмоналиев.

Депутат Наталья Никитенко эса, бошқача фикрда.

“Мен ижтимоий соҳалар ҳаражатини қисқартиришдан кўра давлат аппалатидаги ва давлат тизимларидаги ҳаражатни камайтириш йўлларини излаш керак, деб ҳисоблайман”, - дейди Никитенко.

Қирғизистонда коррупцияга қарши курашувчи энг ками беш муассаса фаолият кўрсатади.

Шунга қарамай, тўрт йилдирки мамлакат дунёдаги коррупция ривожланган давлатлар қаторида. Қирғизистон “Транспэренси Интернешнл” ташкилоти рейтингида 182 мамлакат ичида 164 ўринда.

Қирғизистон ҳукумати мамлакатда коррупция ривожланганини тан олади. Коррупцияга қарши курашувчилар орасида Давлат бошчиси Алмазбек Атамбаев ҳам бор. Бу ҳақда президент 2011 йил 1 декабрида ўзининг инаугурация нутқида эълон қилган.

“Коррупция - бизнинг ичимиздан кемираётган асосий муаммоимиз. Мен бу балонинг ўзагини йўқотиш учун барча ваколатларни ишга соламан”, - дея Қирғизистон халқига ваъда қилган Атамбаев янги лавозимга қадам қўяётиб.