«Немис тўлқини»: Қирғизистонда музликлар тезроқ эришни бошладими?

839

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қирғизистондаги музликларнинг эриши тезлашган, яна ярим асрдан кейин улар икки баравар камайиши мумкин. Бу эса бутун Марказий Осиёда кучли сув танқислигини келтириб чиқаради.

Марказий Осиё музликларининг 45 фоизи айнан Қирғизистонда жойлашган. Улар дарё тизими таъминотининг асосий манбаларидан ҳисобланади. Саккиз минг квадрат километрни эгаллаган музликлар ва қор билан қопланган ерлар Қирғизистон ҳудудининг тўрт фоизини ташкил этади. Бироқ маҳаллий мутахассисларнинг маълумотига қараганда, улар тобора камаймоқда. Атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган сўнгги миллий маърузада келтирилишича, охирги бир неча ўн йилликда музликларнинг 20 фоизи йўқ бўлиб кетди.

Музликларнинг 70 фоизи йўқолиши мумкин

Марказий Осиё ер амалий тадқиқотлари институти (МОЕАТИ) Қирғизистонда мазкур муаммони ўрганувчи кам сонли муассасалардан биридир. Мазкур институт Германия томонидан ташкил этилган ва унинг қўлловида фаолият кўрсатади. МОЕАТИ катта илмий ходими, гляциолог (табиий музларни ўрганувчи мутахассис) Расул Усубалиевнинг айтишича, глобал исиш туфайли Қирғизистондаги музликларнинг эриши тезлашган.

«Агар ҳозирги вазият сақланиб қолаверса, 2050-2070 йилларга бориб музликларимизнинг 70 фоизи йўқ бўлиб кетади, – дея огоҳлантиради у. – Афсуски, илм-фан давлат томонидан етарлича қўллаб-қувватланмайди, музликларни кузатадиган тоғ станциялари аллақачон фаолиятини тўхтатган».

Қирғизистондаги музликларнинг камайиши бутун Марказий Осиёга муаммолар туғдиришига Усубалиевнинг ишончи комил. Ёғингарчилик деярли кузатилмайдиган ёз маҳали айнан музликларнинг эриши орқали минтақадаги дарёлар сув билан таъминланади. «Музликлар йўқ бўлиб кетса, вегетация пайтида, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистонда кучли сув танқислиги келиб чиқади», – дея урғулайди мутахассис.

Таниқли эколог, «Алейне» экологик ҳаракати етакчиси Эмил Шукуровнинг айтишича, иқлим ўзгаришлари аслида мунтазамлик, даврийлик характерига эга. Бироқ инсон фаолияти бу жараённинг алғов-далғов тус олишига сабаб бўлмоқда. Қирғизистон раҳбариянинг экологик тафаккурдан маҳрумлиги эса вазиятни тобора чигаллаштирмоқда. «Бизнинг давлат органлари музликларнинг эришини глобал исишга йўйишади ва шу билан қўлни ювиб, қўлтиққа уришади», – дейди Шукуров.

Чанг музликлар эришини кучайтиради

Эмил Шукуровнинг тушунтиришича, музликларнинг эриши нафақат ҳавонинг исиши, балки баланд тоғларда чорванинг нотўғри боқилиши оқибатида чанг кўтарилиши билан ҳам боғлиқ. «Айтайлик, чорва муддатидан олдин, ўт-ўлан ерни ҳали қотмаган маҳал олиб чиқилади. Чорва ўтларни ебгина қолмай, ернинг юқори қатламини туёқлари билан чангга айлантиради. Ҳатто енгил шамол ҳам бу чангни музликлар томон учиради», – дейди эколог.

Шукуров ерни ижарага бериш ва хусусийлаштиришнинг янгича тизими ўтлоқлардан масъулиятсизларча фойдаланишга олиб келди, деган фикрда.

«Амалдорлар ва қонун чиқарувчилар ўтлоқлардан меъёрида фойдаланиш асосларини йўқ қилишди, – дея ҳисоблайди у. – Ўтлоқлар узоқ муддатга ижарага олган ёки хусусийлаштирган одамлар қўлига ўтди. Улар эса ўз навбатида ерни бошқаларга ижарага беради. Пул ишлашни ўйлашади, бироқ қоидаларга риоя қилиш кераклиги хаёлларига келмайди».

Бутун минтақа зарар кўради

Қирғизистонда музликлар кузатилмайди, ҳатто сунъий йўлдош мониторинги ҳам йўлга қўйилмаган. Шунинг учун музликларнинг тез орада эриб кетиши ҳақидаги фикрга Эмил Шукуров шубҳа билан қарайди. Бироқ қирғиз музликларининг катта қисми йўқ бўлиб кетса, бутун Марказий Осиё минтақаси зарар кўришига унинг ишончи комил. «Музликлар – минтақадаги дарёларни сув билан таъминлайдиган катта манба. Шу сабабли биздаги табиий экотизимни сақлаб қолиш билан Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам қизиқиши керак», – дейди у.