МСК «Асман Ала-Тоо» партиясидан хато учун кечирим сўраб, сайловда қатнашишга рухсат берди

720

16-октябрь куни эрталаб Марказий сайлов комиссиясининг сайтида “Асман Ала-Тоо” партияси Бишкек шаҳар кенгашига бўладиган сайловларда қатнашиш учун зарур хужжатларни тақдим этмаганлиги тўғрисида хабар қилинган эди.

Бироқ кейинчалик Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хатоликка йўл қўйилгани ва “Асман Ала-Тоо” партиясидан номзодлар муваффақиятли рўйхатдан ўтганлигини маълум қилди.

Марказий сайлов комиссиясининг 16-октябрдаги сайтида «Ыйман Нуру» ва «Асман Ала-Тоо» партиялари зарур хужжатларни тақдим этмаганликлари ва 25-октябрда Бишкек шаҳар кенгашига бўладиган сайловларда қатнашмаслиги хабар қилинган эди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг Kloop.kgга берган хабарига кўра, “қайсидир маънода” хато Бишкек территориал сайлов комиссияси томонидан қўйилган. Партиялардан расмий равишда кечирим сўралди.

«Асман Ала-Тоо» партиясининг ҳамраиси Бекболот Бекиевнинг Kloop.kgга баён қилишича, улар сайловда “қатнашмасликларини” оммавий ахборот воситаларидан билишган.

«Биз МСКнинг матбуот хизматига қўнғироқ қилдик, матбуот хизматидагилар Бишкек шаҳри бўйича территориал сайлов комиссиясини рўкач қилишди, территориал сайлов комиссиясидагилар эса улар бундай маълумот бермаганмиз деб тасдиқлашди. Қандайдир узилиш, техник хато Марказий сайлов комиссиясида ва унинг тизимида рўй берган», — дейди Бекиев.

2012 йилнинг ёзида ташкил этилган “Асман Ала-Тоо” партияси Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига 73 та номзодини кўрсатган.

Энди МСК сайтида «Ыйман Нуру» ва «Қирғизистон республика халқ партияси» партияларининг сайловларда қатнашмаслиги кўрсатилмоқда.

25 ноябрда 25 шаҳар ва 416 қишлоқ кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Бишкек шаҳар кенгашига олдинги сайловлар 2008-йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган – аҳоли шаҳар кенгашига 44 нафар депутатни танлаб олган, ҳаммаси бўлиб бунча ўрин учун 377 та номзод даъвогар бўлган эди.