Ўшлик ўқитувчилар солиқлардан озод қилиниши мумкин

615


Ўш мактабларида ишлаётган ўқитувчилар коммунал тўловлар ва солиқлардан озод бўлиши кутиляпти. Бундай ташаббусни шаҳар мэри Мелис Мирзакматов кўтармоқда. Шаҳар кенгаши буни қўллаш ёки қўлламаслиги ҳали аниқ эмас.

Бу ташаббусни шаҳар бошчиси даставвал ўқитувчиларнинг август ойида ўтган йиғинида айтган эди. Уни ишга оширишга эса мэр 5-октябр шаҳар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ваъда берди.

Мирзакматов фикрича, ўқитувчилар меҳнати жуда машаққатли бўлгани учун, улар ойликларини кўпайтирган билан ҳам ҳамма нарса ҳал бўлиб қолмайди:

“Худо хоҳласа 2013-йилнинг январидан барча ўқитувчилар коммуналтўловлар ва солиқлар ҳакида ўйланмаса бўлаверади. Улар учун мэрия пул ажратади. Бундай имконият нафақат Қирғизстоннинг бошқа ҳудудларида, балки дунёдаги бошқа ўлкаларда ҳам бўлган эмас”- деди тадбирда нутқ сўзлаган Мелис Мирзакматов.

Лекин бу ташабуус ҳозирча шаҳар кенгаши тарафидан расмий қўллов топмаганини Ўш шаҳар билим бериш бошқармаси бошлиғи Гулайим Машрапова айтди:

“Ҳозир шаҳарда 3112та ўқитувчи бор. Уларни коммунал тўловлар ва солиқлардан бўшатса машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаган бўлар эди. Шаҳар кенгаши сессияда бу масалани қараб чиқиб, мэрия барча ўқитувчилар учун тўлайдиган пул қанча миқдорда бўлишини ҳисоблаб уни тасдиқласа, мэр ташаббуси кучга киради”- деди Машрапова.

Ўш шаҳридаги Солижон Шарипов номли мактаб ўқитувчиси Холида Комиловага кўра, ўқитувчиларга берилиши кўзда тутилаётган бу имтиёзлар қўллов топса, муаллимларнинг ишдаги жавобгарчилиги ҳам бир қанча ошади:

”Коммунал тўловлар ва солиқлардан озод этилиши ўқитувчиларни вақти ва оила бюджетини тежайди. Ўша ҳаражатни мактабда интерфаол дарслар ўтиш учун керакли жиҳозларга сарфлаймиз ва бу билан дарслар анча
қизиқарли бўлади”, - деди Комилова.

Педагогларни солиқ ва коммунал тўловлардан озод қилиш ҳақидаги мэрнинг ташаббуси шаҳар кенгашининг яқинда бўладиган сессиясида қаралиши кутилмокда.

Муаллиф: Ҳилола Ашурова