Нафақахўр Канибек Сейитбеков Ўш шаҳри марказида ўзини ёқиб юборди. Милиция маълумотларига кўра, марҳум ўз жонига қасд қилишининг сабаби - сонсиз митинглар бўлган.
Милициядан олинган маълумотларига кўра, ўз-ўзига ўт қўйиш 15 апрел куни кечки соат олтиларда содир бўлган.
Сейитбеков ўлим олдидан ёзган хатида “Қирғизистондаги митинглар унинг жонига текканлиги”ни ёзиб қолдирган.
«Мен бош эгиб, бошқа митинглар уюштирмасликни сўрайман. Қирғизистон яшаши керак. Бабанов, Атамбаев [президент], Мадумаровни [“Бутун Қирғизистон” партияси лидери] ҳурмат қилинглар», - дея пенсионернинг ўлими олдидан қолдирган хатдан парча келтиради Ўш милицияси.
Ўш мэрияси ўз жонига қасд қилишнинг тафсилотларини билмаслигини бехабар эканини айтди. Айни пайтда матбуот котиби ҳодиса тафсилотлари аниқлаштирилаётганлигини қўшиб ўтди.
Нафақахўр ҳодисадан сўнг Ўш вилоят касалхонасига етказилган.
Вилоят касалхонаси реанимация бўлими бош шифокори Айдар Мамановнинг сўзларига кўра, Сейитбекнинг қарийб бутун танаси куйиб кетган.
«Диагноз қўйилди, 96 фоизли куйик олган. Соат 18:40 уни тез ёрдам келтирган пайтда у жуда оғир аҳвода эди», - дейди шифокор.
Сейитбек ўз-ўзига ўт қўйишдан бир соат ўтгач касалхонада ҳалок бўлди.
«У куйиш шокини кўтара олмади», - деди Маманов.
Ички ишлар вазирлигига кўра, пенсионер қолдирган хатнинг бутун матни тақдим этамиз (услуб сақланган):
«Менинг ўлимим сабаби – Қирғизистондаги митинглар жонимга тегиб кетди. Ҳеч қандай сиёсат қилманглар!!! Мен Бабанов ва Атамбаевга ишонаман, Адахан Мадумаровдан умидимни узмайман.
Ленин, мен Ленин қаршисида ёниб кетганлигимни кўрсин! Мен Ленин, Бабанов, Атамбаев, Адахан Мадумаров ҳақиқати қошида бош эгаман.
Илтимос ва васиятим: мансабдорлар ва беклар қабристонига киришда шундай деб ёзиб қўйинг: Мен ҳам сендай эдим ва сен бир кун сен ҳам бўласан мендек, бу табиат қонуни. Олой тумани акимига илтимос ва васият: Мени Помир йўли бўйидаги Гулчада дафн этинг, ҳеч қандай ёдгорлик ўрнаманг.
Помир йўли бўйида шундай шиор ёзиб қолдиринг: “Бизлар чуқур уйқуга шўнғидик, Олой тоғлари тақдирини сизларга қолдирдик”. Бош ҳеч нарса сўрамайман.
Агарда имкон бўлса менинг кампиримга тиббий ёрдам кўрсатсангиз... Қанибек Сайтбеков Олой – Гулча – МТФ. Сўнгги илтимос: Мен бош эгиб, бошқа митинглар уюштирмасликни сўрайман. Қирғизистон яшаши керак. Бабановни, Атамбаевни, Мадумаровни ҳурмат қилинглар».