Футзал бўйича Осиё чемпионати гуруҳ учрашувларининг сўнгисида Туркманистонни 2:1 ҳисобида мағлуб этган Қирғизистон мусобақа чоракфиналига йўл олди. Чоракфиналда қирғизистонликлар Япониялик чарм тўп усталарига қарши ўйинга тушади.
Туркманистон билан кечган учрашувнинг биринчи бўлимидаёқ қирғизистонлик футболчилар рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилишга эришди.
Ўйиннинг 15чи дақиқасида қирғизистонликлар сардори Нуржан Жетибаев мазкур учрашув ва мусобақадаги биринчи голини рақиб дарвозасига киргизди.
Биринчи бўлимнинг якунланишига 3 дақиқа қолганда Вадим Кондратко жарима тўпини қойилмақом тарзда амалга оширди ва ўртадаги ҳисобни янада йириклаштирди.
Бироқ Амиржан Муканов шогирдлари бу ҳисобни ўйин якунигача сақлаб қололмадилар. Рақиб ҳужумчиси Назим Рахимов ўйин тугашига 3 дақиқа қолганда қирғизистонликлар дарвозаси томон жавоб тўпи йўллаб, ўртадаги ҳисобни қисқартирди.
Бироқ урилган гол учрашув тақдирига ўз таъсирини кўрсата олмади — гуруҳнинг яна бир учрашуви Тайланд ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги беллашув 4:2 ҳисобида якунлангани учун, гуруҳдан сўнгги ўйинни ютган ҳар иккала жамоа чиқди.
Тайланд гуруҳда олиш мумкин бўлган 9 очкодан 9 очко жамлаб чоракфиналган йўл олди.
Қирғизистон эса ўз гуруҳида 6 очко жамлашга эришди.
Мусобақанинг энг кучли 8 жамоаси иштирок этувчи чоракфинал ўйинларида қирғизистонлик футболчилар В гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган Япония термасига қарши ўйинга тушади.
Япония жамоаси мазкур беллашувларнинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланади. Ушбу жамоа Осиё чемпионлигини қўлга киритган икки жамоанинг бири ҳисобланади.
Агар Қирғизистон Япония устидан ғалаба қозонса, ўз тарихида биринчи марта футзал бўйича жаҳон чемпионатига чиптани қўлга киритади.
Бироқ икки жамоа беллашувлари доим Япония фойдасига ҳал бўлиб келган. Осиё чемпионати мусобақаси чоракфиналида Қирғизистон ҳамда Япония уч марта учрашган ва уччала ўйинда ҳам япон футболчилари қўли устун келган.
Мусобақанинг чоракфинал ўйинлар 29 май куни ўтади. Ярим финал ўйинлари 30 май куни ўтса, мусобақанинг финал учрашуви 1 июнга белгиланган.