Депутат мини юбкага қарши чиқди, феминистлар буни ҳуқуқ бузишлик деб ҳисоблади

584


«Ар-Намис» фракцияси депутати Турсунбай Бакир уулу парламент биноси ичида мини юбкани маън этишни талаб қилди. Феминистлар буни «аёллар ҳақ ҳуқуқларини бузиш» дея ҳисобламоқдалар.

«Ар-намис» вакили парламент биноси ичида калта юбка ва спорт кийимларини таъқиқлаб, бинога кириш учун дресс-кодга риоя қилиш чораларни кучайтиришни таклиф қилди.

«Танаффусда олдимда мини юбка кийган қиз бораётган эди. Мен бунга қарамас эдим, лекин олдинга қарамасам қоқилиб, йиқилишим мумкин эди», — деди Бакир уулу.

Шунингдек у парламент биноси ичида «спорт кийимида йигитлар»ни кўрганини айтиб, бу ҳолат юзасидан таажжубланди.
Депутат парламент биносида ҳукумат бинси ичидаги тартиб ва низомни ўрнатишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат биноси ичида ҳеч ким калта юбкада юрмайди.

«Ата Мекен» партияси вакили, депутат Ширин Айтматова «Клооп» билан суҳбатда мини юбка кийишини тан олиб, депутат сўзлари юзасидан киноя тариқасида эндиликда узунроқ юбкаларни ғамлаб қўйишини айтди.

«Ҳижоб кийишни хоҳламаган бўлардим», – дея ҳазил қилди Айтматова.

Социал демократлар партиясидан депутат, Ыргал Кадыралиева ҳам ҳамкасби сўзларини қўллади.

«Ата-Журт» мухолафат партияси вакили Эльмира Иманалиева Бакир уулунинг калта юбка борасидаги фикрини қўллашини айтиб, давлат муассасаларида ходимлар кийинишлари тартибига риоя қилиш кераклигини билдирди.

««Миди» деганлари бор — тиззадан озгина баландроқ ёки пастроқ бўлади. Фикримча, мана ўшани кийиш мақсадга мувофиқ», — деди Иманалиева.

Бу фикрга қарши Бишкекнинг «СКью» феминист ташаббуси қарши чиқди. Ташаббус асосчиларидан бири — Сельби Джумаева фикрича, калта юбкаларни тақиқлаш «ўз ғоясини билдиришликка қаршилик» қилишдир.

«Эркаклар ўзларини аёл танасини хоҳлагандек бошқариш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайдилар», — дейди у.