Ўш шаҳар милицияси маҳаллий депутатлар кенгашидан сони тўрт машинадан ошувчи тўй кортежларини таъқиқлашни сўради — милицияга кўра, кортежлар автоҳалокатларга сабаб бўляпти. Шаҳар кенгаши эса таъқиқ инсон ҳуқуқларини бузиши мумкин, дея ҳисоблаб милиция илтимосини рад этди.
Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси шаҳарликларни сони тўрт машинадан ошган тўй кортежларида ЗАГСга чиқишларини таъқиқлашни сўраганди.
Бироқ аксар депутатлар ИИБ илтимосини қўллашни истамаганини айтди шаҳар кенгаши бош мутахассиси Апал Алимбекова «Клооп»га берган интервьюсида.
Машиналар сонини қисқартириш инсон ҳуқуқларини бузишга олиб келиши мумкин, деган қарорга келди шаҳар депутатлари.
«Йўл ҳаракати қоидаларида маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари машиналар сонини қисқартириш масалаларини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас деб ёзилган. Аксар депутатлар автомашиналар сони қисқартирилса, бу инсонлар ҳуқуқини бузишга олиб келишини қўлладилар», — тушунтирди Алимбекова.
Ўш шаҳар ИИБ бошчиси муовини Қиличбек Жолдошев депутатлар қарорини баҳс-мунозара қилиш ниятида эмаслигини билдирди.
«Агар депутатлар қисқартирувни инсон ҳуқуқларини бузиш билан тенглаган бўлсалар, унда улар ҳақ. Биз эса ўзимизга юклатилган вазифаларни бажаришда давом этамиз. Биз қандай йўл тутиш кераклиги таклиф қилдик», —дейди Жолдошев.
Ўшдаги тўйларга ижарага берилувчи автомобиллар турар жойи соҳиби Жуманазар Керимбаев шаҳардаги тўйларга ўртача саккиз машина чиқишини айтди.
Унинг фикрига кўра, тўй кортежидаги саккиз машина шаҳардаги тирбандликларга ёки автомобиллар ҳаракатидаги бошқа муаммога сабаб бўлмайди.
«Неча йилларки машиналар тўйларга чиқиб пул ишлашади. Беш-олти «лексус», битта «хаммер». Бу машиналар сабаб шаҳарда пробка ҳосил бўлмайди», — дейди Керимбаев.
Шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлими бошчиси Шайирбек Шакиров тўй кортежлари сабаб рўй берувчи йўл транспорт ҳодисалари статистикасини айтиб беролмади, бироқ бу ҳодисалар «ҳар куни» бўлишини айтди.
«Фақат рўза пайтда ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузишни тўхтатишади, чунки бу ойда тўйлар бўлмайди», —деди Шакиров.
Тўй кортежи ҳайдовчиси Жуман Жуманазаров шаҳар ҳукумати ижтимоий транспортга кўпроқ эътибор бериши кераклигини айтади.
«Автобуслар, маршруткалар қаерда хоҳласа шу ерда тўхтайди. Улар сабаб шаҳарда пробкалар пайдо бўлади. Бошқа иш йўқлиги учун шу ишни қилиб юрибмиз», — дейди кортеж ҳайдовчиси.