Қирғизистоннинг турли ҳудудларидан йиғилган 400га яқин ёшлар «Жаштар Кэмп» анжуманида иштирок этдилар. Бу Ўшдаги маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида ўтган миллий низодан сўнг уюштирилган энг катта анжуманлардан бири бўлди.
«Жаштар Кэмп» биринчи марта Ўшда ўтказилди. Бир йилдан бироз кўпроқ вақт аввал бу ҳақда тасаввур қилиш ҳам қийин эди — 2010 йилнинг июн ойида жанубнинг бир қатор шаҳар ва қишлоқларини миллий низо қуршаб олган эди.
Авваллари «Жаштар Кэмп»нинг барча анжуманлари мамлакат пойтахти Бишкекда ўтарди, бироқ бу сафар анжуман ташкилотчилари жануб ёшларини ҳам «фаоллаштириш» мақсадида уни Ўшда ўтказишни маъқул топдилар.
«Бишкекда турли тадбирлар кўплиги учун, пойтахт ёшлар фаолроқ. Ҳудудлардаги муаммо ечилмай қолаётгани сабаб, ёшлар анжуманни нафақат Ўшда, балки бошқа вилоятларда, ҳатто қишлоқларда ҳам ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар», —деди «Жаштар Кэмп» лойиҳа координатори Мирбек Токтогараев.
Бу каби анжуманларнинг ўтказилиши ёшларнинг келажакда иш ўринларини топишлари учун яхши имконият эканини қўшиб ўтди координатор.
Анжуманнинг ўтиши
Тадбир Ўш давлат университетининг электрон кутубхонасида ўтди. Саккиз соат давом этган анжуман кўпчиликнинг ўз вақтларини тасарруф қилишларига имконият яратди.
Анжуман бир вақтда ўтувчи 30 дақиқалик лекцияларга бўлинган бўлиб, иштирокчилар ўз хоҳишларига биноан лекцияни танлаш имконига эга бўлдилар.
Тадбир жами тўрт асосий йўналиш — «Бизнес ва тадбиркорлик», «Мафкура ва шахсий такомиллашиш», «Фуқоролик тузилиш» ва «Янги медиа ва ахборот-коммуникатив технологиялар» бўйича олиб борилди.
Анжуман спикерларидан бири — тадбиркор Эрмек Ниязов фикрича, ёшлар тадбиркорликка янада яқинроқ бўлишлари керак.
«Мен талабалар кўзларида бизнесмен бўлиш иштиёқини кўрдим. Уларни тўғри йўлга йўллаш ва шу каби тадбирлар орқали улар орасидан тадбиркорларни етишиб чиқишига ҳаракат қилиш лозим», —деди Ниязов.
Мазкур тадбирда Қирғзистон парламенти депутати Дастан Бекешев ҳам иштирок этди.
«Ўш ва Бишкек ёшларининг интеграцияси»
Анжуманга ўз тажрибалари билан ўртоқлашгани келган лекторларнинг аксарияти «Клооп» билан суҳбатда ёшларга берган маслаҳатларининг келажакда янги ғояларнинг пайдо бўлишига турки бўлишини билдирдилар.
Буюк Британиядаги Эксетер олийгоҳи тадқиқотчиси Асел Доолаткелдикова сўзларига кўра, «Жаштар Кэмп» Ўш ва Бишкек ёшларининг интеграцияси учун ўзининг улкан ҳиссасини қўшмоқда.
Жалолободлик иштирокчи Андрей эса, лекциялар рус тилида ўтгани учун хурсанд эканини айтди.
«Мен кўп тадбирларда иштирок этганман, лекин бу сафаргиси менга жуда ёқди. Ўзим учун жуда кўп фойдалар олдим ва эндиликда қўрқмай кичик бизнес очсам ҳам бўлаверади», —деди иштирокчи.
«Жаштар Кэмп»
Ёшлар анжумани Қирғизистонда учинчи бор ўтказилмоқда. Анжумандан кўзланган мақсад мамлакат ёшларини фуқоролик жамиятида фаолроқ қатнашишга қизиқтириш.
Тингловчилар мазкур анжуманда саволларни муҳокама қилиш, интерактив мулоқот ва лекторларнинг чиқишларидан фойда оладилар. Анжуман «Баркэмп» усулида ўтади.
«Баркэмп» – халқаро конференция ҳисобланиб, у конференция иштирокчиларининг ўзлари тарафидан уюштирилади. Анъанага мувофиқ, кўпинча «баркэмплар» интернет ва янги технологиялар ривожига бағишланиб ўтказилади.