Қирғиз тили 2012 йил бошига «Гугл Транслейт»да ишга тушиши мумкин

860

«Қирғиз инернет ҳамжамияти» [ISOC] ижтимоий жамғармаси 2012 йилнинг феврал ойи бошига «Гугл Транслейт» хизматига қирғиз тилини жорий қилиш ниятида. Лойиҳанинг ўз муддатида ишга тушиши учун унинг иштирокчилари кунига 8600 иборани таржима қилишлари керак бўлади.

Бугунги кунда лойиҳа бошланғич босқичда бўлиб, ҳозиргача 300га яқин ибора устидан иш ўз якунига етган. Қирғиз тилини «Гугл» хизматига қўшиш учун лойиҳа иштирокчилари миллиондан ошиқ ибора ва жумлаларни давлат тилига таржима қилишлари ва уларни «Гугл Транслейт» хизматига тасдиқ учун юборишлари керак бўлади.

«Биз ўз лойиҳамизни Гугл Транслейтга февралнинг охирларига топширмоқчимиз. Биз асосан қирғиз тилидан рус тилига таржима қилдик. Бунинг ўзи хизматнинг қирғиз тилини тушунишига ва ўзга 57 тилга таржима қилишига кифоя қилади», —деди «Қирғиз тили Гугл Транслейтда» лойиҳа менеджери Атай Жунушов.

Лойиҳа иштирокчилари сўзларига кўра, қирғиз тилининг Гуглга кириш учун мазкур тилга таржима қилувчи сайтлар бўлиши керак.

Лойиҳа волонтери Эркин Мамасалиевнинг айтишича, ҳозирда таркиби доимий янгиланиб турувчи 60га яқин қирғиз тилидаги сайтлар бор.

Масалиев сўзларига кўра, лойиҳадан ўрин олишнинг яна бир шарти — интернет-энциклопедия ҳисобланмиш Википедияда қирғиз тилидаги мақолаларнинг мавжудлиги. Бугинги кунда озод энциклопедияда қирғиз тилида 2600дан зиёд мақолалар ўрин олган.

Лойиҳа доирасида шунингдек «Энетил.kg» сайти ҳам очилган бўлиб, унда қирғиз тилини билган ҳар бир хоҳловчи лойиҳа иштирокчиларига ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун улар ўзлари таржима қилган матнни лойиҳа муҳарририга юборишлари керак бўлади ва ўз ўрнида муҳаррир ва бош таржимон матнни текшириб уни маълумотлар базасига қўшадилар.

Лойиҳанинг ишга тушишига «Beeline» уяли алоқа ширкати, АҚШнинг Қирғизистондаги элчилиги, «Сорос-Кыргызстан» фонди, Қирғизистон президенти маъмурияти ва миллий ахборот технологиялари маркази қўллов кўрсатган.

«Гугл Транслейт»нинг ишлаш тартиби

«Транслейт» — Гугл ширкати тарафидан ўз фойдаланувчилари учун тақдим этган бепул таржимон. Таржималар дунёнинг 57 тилида бўлиб, хизмат орқали интернетдаги саҳифалар ёки сайтларни таржима қилиш имкони яратилади.

Бироқ таржима автомат тарзда амалга оширилгани учун, таржималар доим ҳам рисоладагидек бўлмайди. Интернетда қайси тилда мақолалар ёки таржималар кўпроқ бўлса, хизматнинг ўша тилдаги аниқ таржимани топиши осон кечади.

Ҳозирги кунга келиб «Гугл Транслейт»га ҳеч бир Ўрта Осиё давлатларининг давлат тиллари киритилмаган.