Ўшлик ўзбек ўқитувчилар шаҳар мэрининг ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш ғояси ортидан мингга яқин муаллим ишсиз қолиши мумкинлигини айтмоқдалар.
Ўшдаги 52 мактабдан 19 мактабда ўқув ўзбек тилида олиб борилади. Бугунги кунда ушбу мактабларда жами 987 ўқитувчи фаолият олиб бормоқдалар.
Ўшдаги № 21 ўрта мактаб ўқитувчиси Моҳинур Абиджанованинг айтишича, агар ўзбек мактаблари қирғизчага ўтса кўпчилик ўқитувчилар ишсиз қолишлари мумкин.
«Ўзбек тилли ўқитувчилар қаерга боришади? Биз ўзбек тили билан нима қиламиз?», —деди Абиджанова.
Қирғиз-ўзбек университети муаллими Рустам Салимов фикрича, этник ўзбекларнинг давлат тида ўқишлари қийин кечиши мумкин.
«Бу ўқувчилар бир қанча йиллардан буён ўзбек тилида ўқишяпти. Ўзбек тилли ўқитувчилар ҳам бошқа тилда дарс беришга қийналади ва бу сабаб ишсиз қолишлари мумкин», —деди Салимов.
№10 мактаб ўқитувчиси Озода Абдулфайзиева ҳам Салимов фикрини қувватлади.
«Ўзбек тилидаги китоб бўлмаса дарс ўтиш қийин. Ўтган йили биз китоб етишмаганлиги сабаб қирғиз тилидаги китобдан ўқитиб кўрганмиз», —деди Абдулфайзиева.
«Ўқувчилар ўзлари қирғиз синфларига ўтмоқчилар»
Ўш шаҳар мэри Мэлис Мирзакматов ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш ғоясини ўзбек мактаблари битирувчилари олийгоҳда ўқишда қийналаётгани билан изоҳлади.
«Ўзбек тилида сўзлашувчи фуқоролар давлат тилини билмаганликлари учун олийгоҳда ўқишга ва ишга жойлашишга қийналмоқдалар», —билдирди Мирзакматов.
Қирғизистон таълим вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева Kloop.kg билан суҳбатда ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш ҳақида гапиришга ҳали эрталигини билдирди.
«Ҳар бир фуқоро ўзи хоҳлаган тилда таълим олишга ҳақли. Одамни у ёки бу тилда билим олишга мажбурлаш мумкин эмас», —деди Жукеева.
«Мэр ташаббуси инсон ҳуқуқларини бузмоқда»
Ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан исмаилова сўзларига кўра, мэрнинг ўзбек мактабларини қирғиз тилига ўтказиш таклифи инсон ҳуқуқларининг бузилишидир.
«Мирзакматовнинг бундай ваколати йўқ, у ўз-ўзича эълон қилгандир. Фикримча, бунга эътибор бермаслик керак, чунки у таълим вазири эмас», —деди Исмаилова.
Бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси Сардар Багишбеков эса Қирғизистоннинг ҳар бир фуқороси ўз тилини сақлашга ва уни ривожлантиришга ҳақли, дея ҳисоблайди.
«Албатта давлат тилини ўргатиш керак. Ҳар бир фуқоро уни билишга ва ундан имкон қадар фойдаланишга ҳақли. Лекин ҳар бир иш қомусга қараб қилиниши керак», —деди Багишбеков.