Ўшда болалар майдончалари қурила бошлади

808

Мэриянинг билдиришича, майдончалар шаҳарликлар илтимосларига биноан қурилмоқда. Бироқ айрим ўшликлар болалар майдончаси эвазига ўз гаражларидан айрилиб қолаётганларидан нолимоқдалар. Майдончалар қурилишига 15 миллион сом ажратилган.

Ўш мэриясининг хабар қилишича, кўп қаватли уйлар ҳовлиларида 15 майдонча қуриб топширилган. Шаҳар бошқармаси яна 60 майдонча қуришни режалаштирмоқда.

Шаҳар қурилиш бошқармаси бошчиси Қудайберди Айилчиевнинг хабар қилишича, болалар ўйин майдончалари фақат кўп қаватли турар жойлар ҳовлиларида қурилган.

Бошчининг сўзларига кўра, майдончалар уйларнинг аксар яшовчилари рухсати билан қурилган.

Айрим жойларда майдонча қурилишига ҳалал берган гаражлар олиб ташланган.

«Эгаси йўқ гаражлар ҳовли кўринишини бузади ва экологик талабларга жавоб бермайди», —деди Айилчиев.

Унинг билдиришича, агар яшовчиларнинг аксари керакли миқдорда розилик хатларини тўпласалар мэрия эгаси йўқ гаражларни улар ҳовлиларидан олиб ташлашни давом этдиради.

Нафақахўр Олга Богданованинг айтишича, улар ҳовлиларида қурилаётган ўйин майдончалари ўрнини аввалроқ бировлар дўкон очиш мақсадида сотиб олмоқчи бўлган.

Бироқ кўп қаватли уй яшовчилари дўкон ўрнига болалар майдончаси қурилиши учун керакли миқдорда яшовчилар имзоларини тўплаганлар.

«Майдончалар ҳам болалар, ҳам катталар учун ажойиб жой. Болалар волейбол, баскетбол ўйнашлари учун имконият яратилди», ―дейди нафақахўр.

«Бизга майдончамас, гараж керак»

Бузиб ташланган гараж эгаси Кенжегул Мамитова болалар майдончаси қурилишини маъқулламаслигини айтди. Унинг фикрича, ҳар бир кўп қаватли уй олдида гаражлар бўлиши керак.

«Уйга сиғмаган нарсаларимни гаражни ичида сақлардим. Гараж учун ҳам жой ажратиб беришса яхши бўларди», —деди Мамитова.

Эндиликда у барча керакли ҳужжатларни жамлаб, мэриядан гараж қуриш учун жой ажратишни сўрамоқчи.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган яна бир гараж соҳиби ҳам шаҳар мутасаддиларидан гараж қуриш учун жой ажратишларини сўрамоқчи.

«Биз бир хонали уйда болаларимиз билан бирга турамиз. Уйда кенгроқ жой бўлиши учун айрим нарсаларни гараж ичида сақлардик», —дейди гаражи бузилган аёл.

Бироқ бузилиши керак бўлган яна бир гараж соҳиби Болот Курманбек уулунинг айтишича, у ўз гаражини бошқа жойга кўчирган. Унинг фикрича, бир неча гаражни деб болалар майдончаси қурилиши тўхтатилмаслиги керак.

«Гараж эгалари бўш жой топиб, гаражларини ўша ерга кўчириб қўйишса бўлади», —деди Болот.