Ўш икки кунга ичимлик сувисиз қолди

784

«Ошводоканал» бошқармасининг хабар қилишича, 18 октябр куни ўшликлар учун ичимлик суви тўхтатилади. Водоканал раҳбариятининг ваъдасига кўра, 20 октябрдан ичимлик суви қайтадан берила бошлайди.

«Ошводоканал» бошқармасидан олинган маълумотга кўра, таъмир ишларини олиб бориш учун шаҳарда ҳар йили сув ўчирилади.

«Қишга тайёргарлик. Таъмир ишлари ҳар йили олиб борилади», —деди водоканал диспетчери Данияр Турдибаев.

Турдибаев сўзларига кўра, сув тўхтатилишидан аввал бошқарма ходимлари аҳолини бу ҳақда аввалдан огоҳлантирадилар.

«Шаҳарликлар сувни ғамлаб олишлари учун телевидениедан огоҳлантирамиз», —деди водоканал диспетчери.

Бошқарма ходимининг айтишича, шаҳарда сув 18 октябр куни эрталаб тўхтатилади ва 20 октябр куни тушдан кейин аҳолини сув билан таъминлаш қайта тикланади.

«Ғамлаган сувим икки кунга етмайди»

Уй бекаси Гулмира Шамшиева шаҳар бошқармасининг бу қарорини тўғри қабул қилиб, челакларга сув тўлдириб қўяётганини айтади.

«Агар шаҳарликлар сув сақланувчи ҳовуз тозалансин деган қарорга келган бўлсалар, мен бунга қарши эмасман», —деди Гулмира.

Шаҳарнинг яна бир бошқа яшовчиси Гуля Мухаева ҳам Шамшиева фикрига қўшилишини айтди.

«Ҳар йили сув ўчирилади. Ўчиришдан олдин газета, телевидениедан огоҳлантирадилар. Бу биринчи марта эмас, бир икки кун ўтиб кетади», —деди Гуля.

Кўп қаватли уйда яшовчи Раиса Понакова эса, ғамлаган суви икки кунга етмаслигидан ҳавотирда.

«Биз сувни ғамлаганимиз билан бу сув икки кунга етармикан? Бир кунга ўчиришса бўлмасмиди? Сувни ариқдан олиб ичамизми энди? », —деди Раиса хола.