«Эппл» асосчиси Стив Жобснинг вафоти қирғизистонликларни ҳам мотамга солди

830

Компьютер технологиялари дунёсининг етук гигантлардан бири «Эппл» асосчиси Стивнинг ўлими Қирғизистон интернет дунёсини ларзага келтирди.

«Твиттер» микроблог хизмати фойдаланувчилари ҳам «Эппл» асосчиси вафоти юзасидан ўз тазияларини изҳор қилдилар.

nomer555 фойдаланувчисининг ўз блогида ёзишича, компания собиқ бош директори ўлими ҳақиқатан уни қайғуга солган.

«Жобс мен ҳурмат қилувчи оз сонли инсонларнинг бири эди. Хайр, Стив», —деб ёзди фойдаланувчи.

Banda Studio компанияси асосчиларидан бири Айбек Баратов ҳам Жобснинг вафоти ҳақидаги хабарга ўз муносабатини билдирди.

«Тўрт йилдан буён Макинтошдан фойдаланиб, доимо Apple компанияси ва унинг бошчиси #SteveJobsдан фахрланиб келганман. Бу фахр менда абадий қолади!», —деб ёзди ўз аккаунтида Баратов.

«Фэйсбук» ижтимоий тармоғининг бир қанча фаол фойдаланувчилари ҳам Стив Жобс хотираси учун асосий тасвирларини ўзгартиришиб, унинг сўзларидан иқтибослар келтирдилар.

«Дўстлар, аватарларни бир кунга ўзгартирайлик! Бу буюк инсонни хотирлайлик», —деб ёзди Батир Бот ўз саҳифасида.

Ўрта Осиё эркин бозори институти [CAFMI] раҳбари Мирсулжан Намазалиев Фейсбукдаги саҳифасида « RIP Стив Жобс. Мен, менинг Макбуким ва айфоним қайғудамиз... Улуғ инсон эди» деб ёзди.

Жобс вафотига мотам

«Эппл» собиқ бош директори, компания асосчиси 5 октябр куни ошқозон ости бези касалидан вафот этди, дея хабар қилди Би-би-си.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам Жобснинг вафоти юзасидан тазия изҳор қилди. Ўз нутқида у «Эппл» асосчисини америкалик буюк новатор дея атади.

«Майкрософт» бошчиси Билл Гейтс ҳам ўзининг энг яқин дўсти ўлимидан чуқур қайғуда эканини билдирди.

«Ҳаётда бу каби ўчмас из қолдирувчи инсонни учратиш қийин. Унинг меҳнатлари самараси ҳали кўп йиллар ўз таъсирини кўрсатади», —деди Гейтс Би-би-сига берган интервьюда.

Смартфонлар дунёсида «Эппл»нинг асосий рақобатчиси ҳисобланмиш «Самсунг» компанияси бошчиси Чой Ги Сун ҳам марҳумнинг такрорланмас ижоди унинг мухлислари ёдида абадий қолишини айтди.

«Унинг инновацион руҳи ва эришган ютуқлари бутун дунё одамлари хотирасида қолади», —деди «Самсунг» бошчиси.

Жобснинг касали

Шифокорлар 2003 йили Стив Жобсда ошқозон ости бези раки борлигини аниқлагандилар. 2009 йилга келиб унга жигар алмаштириш операциясини ўтказилган. Ўшанда шифокорлар Стив соғлигини ижобий дея бахолашганди.

2011 йили Стив «Эппл» фирмаси бош директори лавозимидан кетиб, директорлар кенгашига вакил қатори ишлай бошлаганди.