Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, Пенсилваниядаги нохуш ҳодисада ҳалок этган Адилбек Мураталиев билан бирга яна икки қирғизистонлик ток уриш оқибатида жабр тортганлар. Ҳалок бўлган талаба жасади Қирғизистонга олиб келинган, икки жабрланганлар эса тери алмаштириш операциясидан ўтганлар.
Ҳар иккала талаба — Жоомарт Токтобаев ва Улукбек Жумалиевлар 19 сентябр куни Питтсбургдаги маҳаллий черковларнинг бирида таъмир ишларини олиб бораётиб Мураталиев билан биргаликда ток уриш оқибатида қаттиқ жароҳат олганлар.
Жароҳатланган учала қирғизистонлик Питтсбург Университети тиббиёт марказига етказилган. Мураталиев юрак уриши тўхтаб қолганлиги сабаб шифохонада ҳалок бўлган, Токтобаев ва Жумалиевга эса тери алмаштириш операцияси ўтказилган.
Қирғизистоннинг Вашингтондаги консули Руслан Бекболотов Kloop.kg билан суҳбатда аввалдан икки йигитнинг аҳволи жуда оғир бўлганини билдирди.
«Биз икки бармоқни ампутация қилишини кутгандик. Лекин улар танасида гангрена ва заҳарланишнинг йўқ бўлганлиги боис, уларга куйган териларини алмаштириш операцияси қилинди», —деди консул.
Бекболотов сўзларига кўра, ҳозирги кунда ҳар иккала қирғизистонликнинг аҳволи яхшиланган.
Мураталиевнинг жасади Туркия авиаширкати орқали 25 сентябр куни Қирғизистонга олиб келинган.
Қирғизистонлик талабалар билан юз берган нохуш ҳодиса хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани учун содир бўлган, дея хабар тарқатганди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги.
Қирғизистонликларнинг АҚШдаги иш ва саёҳати
23 ёшли талаба Адилбек Мураталиев Американинг Пенсилвания штатига «Ворк энд Трэвел» дастури орқали борган. Мазкур дастур ёрдамида талабалар АҚШда ишлаш ва мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўладилар.
Ҳалқаро алмашиш маркази бош директори Улан Исабеков сўзларига кўра, Мураталиев 2011 йилнинг 6 июн куни АҚШга сафар қилган ва ўқув йили бошига ўз ватанига қайтиши керак бўлган.
Бироқ талаба дастур якунида ўз ватанига қайтмаган ва шу тариқа нолегал мигрантга айланган.
Марҳумнинг дўсти Арслан сўзларига кўра, у АҚШда нолегал тарзда қўшимча пул ишлаш учун қолган.
«Унинг отаси йўқ эди. Унинг онаси ва 10 синфда ўқийдиган укаси бор. У ишлаган пулларини онасига юборарди», —деди у.
Қолган икки қирғизистонлик «Ворк энд Трэвел» дастури иштирокчилари эмаслигини ва уларнинг кўпдан буён АҚШда яшаётганини хабар қилди Қирғизистоннинг АҚШдаги консули Руслан Бекболотов.
Дастур шартларининг бузилиши
«Ворк энд Трэвел» талабалар орасида энг машҳур дастурлардан бири.
18 ёшдан 23 ёшгача бўлган олийгоҳ талабалари унда иштирок этиб, АҚШда ишлаш ва саёҳат қилиш имкониятига эгалар.
«Ворк энд Трэвел» дастури орқали кетувчи талабалар томонидан энг кўп бузиладиган шарт бу виза муддати тугагач, давлатдан чиқиб кетмасликлари.
Исабеков сўзларига кўра, дастур орқали кетган талабаларнинг 30 фоизидан кўпроғи нолегал тарзда АҚШда қоладилар.
Дастурнинг умумий муддати тўрт ой бўлиб, уларнинг уч ойида талаба расман ишлаш имкониятига эга. Охирги ой эса талабага саёҳат учун ажратилади.