Бишкекда йўл кира икки сомга қимматлади

726

Ноябр ойидан бошлаб автобус йўл кираси ҳаққи 8 сомга ошади. Маршрут таксиларида юриш нарҳи 10 сомга қимматласа,троллейбус йўл кираси 7 сом бўлади. Нафақахўрлар ва мактаб ўқувчилари учун йўл ҳаққи аввалгидай қолади.

Ижтимоий транспортда йўл киранинг ошиши ёнилғининг қимматлаб бораётганига боғлиқ, деди мэрия қошидаги транспорт бошқармаси бошчиси Туратбек Жумалиев.

Ҳозирда маршрут таксилари йўл кира нарҳи 8 сом, автобус 6 сом ва троллейбусда юриш нарҳи 5 сом. Бошланғич синф ўқувчилари ва нафақахўрлар транспортнинг ҳар қандай турида 5 сом тўлашади.

«Бу ҳисоб китоблар солярка 21 сомлик вақтида қилинган. Ҳозирда эса солярка 36 сом», —деди Жумалиев.

Муовин сўзларига кўра, нарҳларни ошириш талаблари маршрут таксичилари томонидан ҳам талаб қилинмоқда.

«Автопаркдан ҳам кўп талаблар бўляпти», —қўшиб ўтди у.

Охирги марта йўл кира нарҳи 2008 йилда кўтарилган бўлиб, унга кўра маршрут таксилари йўл ҳаққи 5 сомдан 8 сомга ошган. Троллейбус ва автобуслар нарҳи ўзгармаган.

Шаҳарликлар фикри

Пенсионер Владислав Васильев нарҳларнинг кўтарилишини муаммонинг ягона ечими дея ҳисоблайди.

«Агар кундан кунга бензин нарҳи кўтарилаётгандан кейин, бошқа нима илож ҳам бўларди? Шундоғам бошқа давлатларга нисбатан бизда йўл кира анча арзон», —деди нафақахўр.

Бишкеклик Руслан ҳам пенсионернинг сўзларига қўшилиб, бироқ ҳукумат аввалги нарҳларни қолдиришга ҳаракат қилишлари кераклигини айтади.

«Бу ёнилғининг қимматлигига боғлиқлигини тушиниб турибман, лекин йўл кира қимматламаса яхши бўларди», — деди Руслан.

Бишкекнинг бошқа бир яшовчиси Жақип эса нарҳларнинг ошишига қатъиян қарши эканини билдирди.

Ҳукумат биринчидан халққа ишлашлари учун яхши имкониятлар яратиб беришлари керак ва шундан кейингина нарҳларни ошириш ҳақида ўйласалар ўринли бўлади», —деди Жақип.

Ўшда йўл киранинг қимматлаши

2011 йилнинг 22 июн куни Ўшнинг маҳаллий ҳукумат вакиллари тарафидан шаҳардаги йўл кира ҳаққи бир сомга ошганди.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Давлетбек Алимбеков бу ўзгартиришлар дизель ёқилғисига бўлган нарҳларнинг ошиши билан изоҳлаганди.

«Авваллари соляркани биз 22-25 сомдан сотиб олардик, ҳозир бўлса у 35-40 сомга чиқди. Бу муаммони бошқа ечими бизда йўқ эди — соляркага бўлган баҳони биз тушира олмаймиз, чунки биз бензин ва соляркани бошқа давлатлардан олиб келамиз», —дея бу қарорни изоҳлаганди депутат.