Мустақиллик куни мамлакатнинг барча кинотеатрларида қирғиз киноси кўрсатилади

578

31 август куни давлат киномотография агентлиги бутун мамлакат бўйлаб бепул кино кўрсатади. Уюштирувчиларга кўра, томошабинларга қирғиз киномотографиясининг энг машҳур кино тасмалари кўрсатилади.

Киномотография агентлиги вакили Урмат Айталиевнинг сўзларига кўра, намойиш учун энг машҳур кинолар танланган.

«Танлов осон бўлмади. Биз кўрсатмоқчи бўлган барча фильмлар Дубай, МДҲ давлатлири ва Европада ўтган халқаро фестивалларда бир қанча совринларга эга бўлган», —деди Айталиев.

Унинг сўзларига кўра, мустақилликни нишонлаш куни қирғизистонликларга Эльнура Осмоналиеванинг — «Алмаз», Наргиза Маматкулованинг — «Серьги», Ақжўл Бекболотовнинг — «Все будет хорошо» ва Тынай Ибрагимованинг — «Жизнь коротка» кинотасмалари тақдим этилади.

Айталиевнинг билдиришича, фильмларнинг бошланишидан аввал Қирғизистоннинг тарихига бағишланган қисқаметражли фильмлар кўрсатилади.

«Асосий тасмалар кўрсатилишидан аввал, биз мамлакатимиз мустақиллигига қандай эришгани, давлатнинг тузилиши тарихи ҳақидаги қисқаметражли фильмларни намойиш қиламиз», —деди киномотография вакили.

Баткендаги «Октябрь» кинотеатри ходими Қурманбек Зайналов Kloop.kg берган интервьюда мустақилликка бағишланган кинонамойишларга бир неча кун аввал тайёргарлик кўрганларини айтди.

«Биз аввалроқ тайёрландик. Рекламалар ясадик, афишалар ҳам тайёрладик», —деди Зайналов.

Баткен вилоятида «Жизнь коротка» фильми 3 сеанс билан намойиш этилади.

Ўшдаги «Семетей» кинотеатри директори Бақтигул Малапбаева бепул фильмлар намойишига шаҳарликлар «бажонидил» келишини айтади.

«Биз аминмизки, кинога жуда кўп одамлар келади. Ахир фильмлар бепул кўрсатиладику», — деди кинотеатр директори.

«Кинотасмалар томошабинларда келажакка умид уйғотади»

Османалиеванинг «Алмаз» кинотасмаси ночор оиладан чиққан ва ҳаётда барча нарсага ўз кучи билан эришган бола ҳақида ҳикоя қилади.

Алмаз исмли бола ўз оиласини боқиш учун «Дордой» бозорида ишлайди. Бозордаги иш билан бир қаторда, у мактабга қатнайди ва инглиз тилини ўрганади. Инглиз тилини ўргангач, Алмаз конкурс асосида Англияга бир неча кунга кетади.

«Ўйлайманки, бу каби фильмлар бизнинг томошабинларга туртки бўлади ва келажакка умид бағишлайди», —дея таъкидлади Айталиева.

Қирғиз фильмнинг расмий сайтига мувофиқ, Ақжўл Бекболотовнинг — «Все будет хорошо» кинотасмаси уйсиз қолган икки боланинг тарихи ҳақида суратга олинган.

«Students.kg» сайтининг хабар қилишича, Ибрагимов суратга олган «Жизнь коротка» фильми икки ёш Асель ҳамда Даурен ҳақида ҳикоя қилади.

«Асель ўз ота онасидан эрта ажралади, турмушга чиққач бу ҳам руҳий сокинликни олиб келмади. Қозоқ йигити Дауреннинг ҳам ҳаёти ҳудди Асельникидек норавон эди. Икки ёш тасодифан танишиб қоладилар. Ҳеч кимдан қўллов топмаган бир ҳил тақдирли икки ёш бир бирларини тушуниб, яқинлаша бошлайдилар[...]», —дейилади сайтда.

Мамлакат мустақиллиги

Қирғизистон Совет иттифоқи тарқагандан кейин 1991 йилнинг 31 август куни мустақилликка эришган.

1993 йили эса миллий валюта — сом қабул қилинган.

20 йил ичида мамлакатда 3 президент алмашди. Жорий йилнинг 30 октябрида қирғизистонликлар кейинги олти йилга тўртинчи президентни танлайдилар.

Аввалги икки давлат бошчиси халқ тарафидан ҳокимиятдан ағдарилганди.

1991 йилдан бошлаб 14 йил ҳокимиятда ўтирган Асқар Акаев халқ инқилоби оқибатида 2005 йили мамлакатни тарк этган ва 2010 йили экс президент мақомидан маҳрум этилган.

2005 йили Акаевга қарши ҳаракатни бошқарган иккинчи президент Қурманбек Бакиев ҳам қирғизистонликлар тарафидан 7 апрел куни ҳокимиятдан ҳайдалганди — ўша куни давлат инқилоби оқибатида 86 одам ҳалок бўлган.