Қирғизистон термаси Ўзбекистон билан ўтадиган ўйинга қайси таркибда тушишини эълон қилди

812

Қирғизистон футбол федерацияси 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма учун саралаш баҳсларида Ўзбекистонга қарши тўп сурувчи футболчилар таркибини эълон қилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги учрашув 23 июл куни Тошкентда ва жавоб ўйини 28 июл куни «Спартак» ўйингоҳида бўлиб ўтади.

Қирғизистон терма жамоаси таркибидан Қирғизистон олий лигаси жамоаларида тўп сурувчи футболчилари жой олдилар.

Шунингдек, терма жамоа сафига Қирғизистон ёшлар ва олимпиа термасидан ҳам ўйинчилар таклиф этилди.

Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйиндан аввал, Қирғизистон термаси вакиллари ўйинга тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакат жанубига жўнаб кетадилар ва у ерда «Алай» ва «Нефтчи» маҳаллий жамоалари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказадилар.

Ўзбекистон билан ўйинда миллий терма жамоага биринчи марта таклиф қилинган бир қанча ёш футболчилар ҳам майдонда тўп суради. Жумладан «Исик-Кол»дан Азамат Мендибаев, «Алга»лик Владимир Хорошуновлар.

Шунингдек терма жамоа сафига қўчқоротанинг нефтчи клуби ўйинчилари Шухрат Рахмонов ва Марат Аджиниязов, «Абдиш-Ата» ярим ҳимоячиси Карим Израилов, «Дордой»дан эса Каюмжон Шарипов ва Ислам Шамшиевлар таклиф этилган.

Каттароқ ёшдаги футболчилар бу сафар миллий терма жамоа таркибидан ўрин ололмадилар. Улар орасида 36 ёшли миллий терма жамоа сардори Руслан Сидиковга ҳам таркибдан ўрин олиш насиб этмади.

Қирғизистон футбол федерацияси матбуот хизмати котиби Қанат Асеновнинг сўзларига кўра, хозирда терма жамоани янгилаш ва ёш ўйинчиларни жамоага тарғиб этиш ишлари олиб бориляпти.

«Таркибни асосан Эрон терма жамоаси билан бўлган ўйинда ўзларини кўрсата олган ёш футболчилар тузади», — деди Асенов

Асеновнинг сўзларига кўра, жамоа таркибидаги энг ката ёшли футболчи 1979 йили туғилган Руслан Джамшидов. Қолган футболчилар эса асосан 1989, 90, 91 ҳатто 92 йили туғилган.

ҚФФ матбуот хизмати котибининг айтишича, авваллари жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига 18 футболчини ўз ичига олган ариза топшириш керак бўлган бўлса, хозирда бу рўйхатга 23 футболчини исмини ёзишга рухсат берилган.

Асенов ушбу 23 футболчилар ичидан кимлар асосий таркибдан жой олишини мураббийлар ечишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «Алай» ва «Нефтчи» билан бўлиб ўтадиган ўйиндан кейин бир қанча футболчилар терма жамоа рўйхатидаги жойларини йўқотиши мумкин.

Қуръа ташлаш

2014 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида Қирғизистон рақиби 2011 йилнинг 30 мартида Осиё Футбол Конфедерациясида бўлиб ўтган қуръада аниқланди.

Қуръа натижаларига кўра, Қирғизистон терма жамоаси Ўзбекистон термаси билан куч синашади.

Жамоалар беллашуви

Қирғизистон миллий терма жамоаси Ўзбекистон билан тўрт марта ўйин ўтказган. Барча ўйинларда қўшни давлат футболчилари қўллари устун келган.

Қирғизистонлик футболчилар рақиб Ўзбекистон дарвозасини икки марта ишғол қилган бўлса, ўз дарвозаларидан эса 18 марта тўп олиб чиқишга мажбур бўлган.

Саралаш баҳслари, Осиё

Осиё терма жамоалари ўртасида 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма учун саралаш баҳслари 2011 йилнинг 29 июн куни бошланиб, 2013 йилнинг 10 сентябрда ўз якунига етади. Саралаш баҳсларида жами бўлиб 43 жамоа 5 йўлланма учун куч синашади.

Саралаш баҳслари беш турдан иборат бўлиб, тўртинчи турда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган 4 жамоа жаҳон чемпионатига йўлланмаларни қўлга киритади.

Қирғизистон терма жамоаси таркиби

Дарвозабонлар: Владислав Волков, Руслан Амиров, Максим Агапов.

Ҳимоячилар: Фарух Абитов, Азамат Байматов, Даврон Аскаров, Курманбек Шератов, Рустем Усанов,Марат Аджиниязов.

Ярим ҳимоячилар: Вадим Харченко, Анатолий Власичев, Ислам Шамшиев, Азиз Сыдыков, Карим Израилов,Эсенкул уулу Чолпон, Владимир Хорошунов, Шухрат Рахманов,Азамат Мендибаев.

Ҳужумчилар: Каюмжан Шарипов, Руслан Джамшидов, Владимир Веревкин, Мирлан Мурзаев

Бош мураббий — Мурат Джумакеев