Бишкекда маст ҳайдовчи тез ёрдам машинасига келиб урилди

1088

27 июн куни эрталаб, Бишкекнинг Шабдан Баатир кўчасида маст ҳолатда ўз автомашинасини бошқариб келаётган ҳайдовчи ёқилғи қуйгани кетаётган тез ёрдам машинасига келиб урилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, автоҳалокатнинг барча иштирокчилари оғир аҳволда тўртинчи шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Давлат автоинспекциясидан олинган маълумотларга кўра, автоҳалокат Шабдан Баатир [эски Алма-Ата] кўчасида эрталабки соат 8:40 да рўй берган.

«Енгил спорт машинаси тезлик билан келган ва тез ёрдам машинасини келиб урган. Оқибатда у ағдарилиб кетган. Енгил спорт машинаси ҳайдовчиси машинани маст ҳолатда бошқариб келаётган бўлган», — деди соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Светлана Байтикова.

Байтикова сўзларига кўра, ҳайдовчи қонидаги спиртли ичимлик даражаси экспертизалардан сўнг маълум бўлади.

Унинг айтишича, тез ёрдам машинаси ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кетаётган бўлган. Тез ёрдам ичида ҳайдовчи ва шифокор бўлган.

«Шифокор ва ҳайдовчи бош миядан лат еган, уларни тўртинчи шаҳар шифохонасига олиб кетишди», — деди Байтикова.

Матбуот котиби енгил машина ҳайдовчиси ҳам оғир аҳволда шифохонага етказилганини айтди.

Байтикованинг айтишича, ушбу автоҳалокатдан кейин Бишкекда 37 тез ёрдам машинаси қолган.

«Шундоғам ўзи атига 38 та машина бор эди, мана яна биттага камайди. Чунки уни қайта тиклашнинг иложиси йўқ», —деди матбуот котиби.

Шаҳар автоинспекцияси ходими Kloop.kgга берган интервьюсида автоинспекция автоҳалокат сабабларини ўрганаётганини айтди.

Шаҳар автоинспекцияси ходими ҳам енгил машина ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлганини тасдиқлади.

Тўртинчи шаҳар шифохонаси ходими Талантбек Баримкатов Kloop.kg билан суҳбатда жароҳатланганлар шаҳар шифохонасига 9:50да олиб келинганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибига кўра, тез ёрдам каретасининг умумий нарҳи юз минг АҚШ долларига тенг.

Шаҳар автоинспекциясининг билдиришича, тез ёрдамга келиб урилган енгил машина «Митсубиси» русумидаги спорт машинаси бўлган.

Тўхтатилган тез ёрдам

17 июн куни эса, Бишкенинг Мир проспекти ҳамда Горкий кўчаларининг кесилишида йўл ҳаракатини бошқариб турган автоинспекция ходими сиренасини ёқиб келган тез ёрдам машинасини қўйиб юбормаган эди.

«Тез ёрдам ҳайдовчиси тушунтиришга ҳаракат қилган, бироқ уни қўйиб юборишмаган. Оқибатда, тез ёрдам машинаси ҳукумат кортежи ўтиб кетгандан сўнггина йўлида давом этган», — деб ёзади «Я-репортер» лойиҳаси фойдаланувчиси.

Мазкур ҳолатдан тўрт кун ўтиб, автоинспекция ходимига ҳайфсан эълон қилингани ҳақида ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билдирди.