«Ата-Журт» мини - футбол бўйича парламент ғолиби

703

Қирғизистонда биринчи бора Жўғўрқу Кенешнинг мини футбол бўйича чемпионати бўлиб ўтди. Мухлислар сўзларига кўра, депутатлар футболи жуда «ажойиб» ўтган.

Ўйинлар якунига кўра, мусобақа ғолиби «Ата-Журт» партияси бўлди.

Иккинчи ўринни «Республика» партияси вакиллари олган бўлса, кучли учлик рўйхатини «СДПК»чилар ёпди.

Жамоалар ўртасида «Ар-Намис»га аутсайдерлик насиб қилган бўлса, «Ата-Мекен» партияси вакиллари мусобақанинг тўртинчи ўрни билан чекландилар.

Жўғўрқу Кенеш депутатлари орасидаги мусобақа 25 ва 26 июн кунлари «Спартак» ўйингоҳида бўлиб ўтди.

Ёшлар сиёсати ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича қўмита бошчиси Чолпон Султанбекованинг айтишича, депутатлар орасидаги мини футбол бўйича бу каби мусобақа биринчи марта ўтказилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, тадбир «барчани бирликка» чақиришга қаратилган.

«Ҳозир ҳамма сиёсатга киришиб кетган. Биз ҳаммани бирликка чақирмоқчи бўлдик, чунки спорт — тинчлик, дўстлик тимсолидир», — деди Султанбекова.

Ўйинлар ҳаками Ирискелди Мусаевнинг сўзларига кўра, барча ўйинлар футбол қоидаларига мос равишда ўтган.

«Баъзи депутатлар мусобақага жисмонан жуда яхши таййёр эканини кўрсатишди», — деди ҳакам.

Бирлашган касаба иттифоқи қўмитаси вакили Рузабек Суранов Kloop.kgга берган интервьюсида мусобақани уюштириш учун қўмита ҳисобидан 200 минг сом ажратилганини айтди.

Биринчи ўринни эгарлаган жамоа медаллар ва 10 минг сом миқдоридаги пул билан мукофотланди.

Аутсайдер жамоаларга эса, минг сомдан пул мукофоти билан тақдирландилар.

Партиячилар фикри

«Ата-Мекен» депутати Ақин Мусадинов Kloop.kgга берган интервьюсида мусобақа «жуда актив» тарзда ўтганини айтди.

«Бу каби тадбирлар тез тез ўтказилиб туриши керак. Коллектив учун маданий ҳордиқ керак», — деди Мусадинов.

«Ата-Журт» фракцияси вакили Эркин Сакебаевга кўра, бу мусобақа депутатлар соғлигига ижобий таъсирини кўрсатади.

Унинг айтишича, бу каби мусобақалар ҳар фаслда ўтказилиб туриши керак.

«Қишда чанғида учиш, ёзда волейбол, футбол шу каби ҳар фаслда», —деди Сакебаев.

Депутатлар «негативлардан қутилишади»

Мусобақага келган томошабинлардан бири Тоҳир Саитов Kloop.kg билан суҳбатда депутатлар орасида ўтаётган мини футболда турнир иштирокчиларини кузатиш жуда қизиқлигини айтди.

«Фикимча, доим костьюм ва шимда кўриб юрган жиддий инсонларни бу ерда, футбол майдонида кўриш жуда қизиқ ва ғайриоддий», —деди Тоҳир

Яна бир мухлис Азамат сўзларига кўра, депутатлар футбол ўйнаш орқали «негативлардан қутилиши» мумкин.

«Баъзи депутатлар бир бирлари билан муштлашишгача ҳам борган, улар футбол орқали бир бирлари билан тил топишлари мумкин. Ўйлайманки, парламентда яна бирор бир кескинлик бошланса, дарҳол шундай тадбирлар ўтказиш керак», —дейди Азамат.