Нидерландия ва Россиядан келган журналистлар Қирғизистондаги олиб қочиш одати бўйича ҳужжатли фильм тасвирга олишмоқда. Улар 50 одам билан савол-жавоб ўтказишганда, деярли барчаси олиб қочишга гувоҳ бўлишганини айтишган.
Ирис Оппэлаар раҳбарлигидаги нидерландиялик ва Константин Саломатин раҳбарлигидаги рус журналистлари Бишкекда ва Иссиқ-кўл атрофида олиб қочиш одати бўйича савол –жавоб олиб боришган.
Улар қирғизистонликлар айтиб берган бир нечта воқеаларни Kloop.kg билан бўлишишди.
Оппэлаар ва Саломатин тафсилоти.
Олиб қочиб кетмасин деб, қишлоқдан кетиш
Биз текширишни шимолдан бошладик. Икки ҳафтанинг ичида Иссиқ-кўл вилоятининг бир нечта ҳудудларида ва Бишкекда бўлдик. Турли одамлар билан суҳбатлашдик: эркаклар, аёллар, йигитлар ва қизлар билан. Олиб қочишга алоқаси бор қаҳрамонларнинг ҳаётини синчковлик билан ўргандик: уларнинг ҳар кунлик турмуши, ишини ва дам олишини. Бундай воқеалар 15дан кам эмас.
Икки йил аввал олиб қочишга ҳаракат қилинган бир қиз билан учрашиб қолдик, бироқ у олиб қочиб кетган одамга турмушга чиққиси келмай, қайта қочиб кетган. Ҳозир у 26 ёшда. Ҳамон турмуш қурмаган, шу сабабли жамоатчилик томонидан камситилаётганини айтди.
Биз унинг туйғуларини тушунишга ҳаракат қилдик. Унинг оиласи замонавий бўлиб, отаси қизини олиб қочиб кетганини эшитганда ўзи келган экан. У фақат битта савол берибди: «Қизим сен шу одам билан қоласанми?». Қиз йўқ деб жавоб берибди. Шунда отаси қизини олиб кетиб, ҳозир шахсий бизнесини ташкил қилишга ёрдам беряпти.
Бизни сезишимизча, ота-оналар қизларини «олиб қочишдан» сақлашга ҳаракат қилишар экан. Қизнинг онаси билан сўзлашсак, уни ҳам йигирма йил аввал олиб қочишган экан. Шу сабабли ҳозир қизини шаҳарга юбориб, қишлоқ жойида олиб қочиш имконияти катта эканлигини айтиб берди.
Ўғирлаб кетган одамдан фарзандли бўлиш
Айрим замонавий ёшлар ҳам «олиб қочиш» одатидан фойдаланишар экан, бироқ улар аввал келишиб олишар экан. Аниқроқ айтганда, қиз йигитни севгани учун уни олиб қочишига розилик берар экан. Улар олиб қочишни мана шу урфга бўлган ҳурмат сифатида қилишар экан. Бу бир оз бошқача вазият.
Респондентлар орасидан бири уни 14 ёшида ўғирлаб кетишганини айтди. Никоҳ тўйидан тўрт ой ўтгандан кейин ҳомиладор вақтида кетиб қолган. Бу жуда ҳам ачинарли ҳолат. У бугунги кунгача мана шу туйғу билан яшаб келмоқда. Ҳозир 21 ёшда, икки нафар фарзанди бор. Уларнинг бири ўғирлаб кетган кишидан.
Бизнинг ўрганишларимизнинг асосий мақсади, нима учун бу одат бугунги кунгача давом этиб келаётганини билиш. Асосий сабаблардан бири урф ва қиз-йигитларнинг эртароқ турмуш қуриб олишлари учун экан.
Турли вазиятлар сабабли, агар қиз ўқиса, гаплашган йигитидан кутишини илтимос қилади, йигит вақтни ўтказгиси келмаса, олиб қочиш билан уйланиб олади.
«Бундай урфнинг бизга кераги йўқ»
Одамлар «олиб қочиш» одати бўйича турли фикрда. Қизлар уларни «ҳайвон қатори» автомашинага солиб кетишларига қарши эканликларини айтишди. Йигитлар эса, бу урфга қарши эмасликларини айтиб, ўзлари ёқтирган қизларни олиб қочишларини айтишган. 20 ёш катта кишиларнинг барчаси аёлларини олиб қочиб келишганларини сўзлашди. У вақтларда бу одат оддий кўриниш бўлган экан. Ҳозир эса улар келинларини олиб қочиш билан олишга ва қизларини ўғирлаб кетишга қарши бўлишмоқда.
Бундан ташқари, ўқувчилар орасида савол –жавоб олиб бордик. Болалар бўлажак турмуш ўртоқларини олиб қочишларини айтиб, бир томондан қаршимиз ҳам деб қўйишади. Аниқроғи, бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билишмайди, одатга тўнкаб қўйишмоқда. Қизлар эса, қаршимиз деб, буни бизга кераги йўқ дейишади.
Русчасига олиб қочиш
Бу одат тўғрисида сўзлаб берадиган одамларни топиш қийин бўлмади.
Биз сўзлашган одамларнинг ҳаммаси «олиб қочиш» одати билан юзлашганлар экан: кимнидир акаси янгасини олиб қочган ёки бувисини ўғирлаб кетишганини айтишади. Бишкекда йўлда кетаётган одамлардан сўрасак, уларнинг ҳар бири қариндошлари олиб қочиш билан уйланганини айтиб беришди.
Мен 8 йил аввал Қирғизистонга келиб, бу одат бўйича тадқиқот олиб борганман. Ўшанда қиз олиб қочишга гувоҳ бўлганман. Қизни олиб қочиб келганда, аёллар ва бувилар келиб, уни кўндиришга ҳаракат қилишди. Мен бўлаётган воқеани тасвирга туширишга ҳаракат қилганимда, ҳеч ким ҳеч нима демади. Ҳозир эса бундай бўлмайди дейишади.
Бу одат қирғизларники эмас. Биз никоҳ тўйида бўлганмиз, унда рус аёли 20 йил аввал олиб қочиш одатини уюштирганини айтиб берди. Уйланадиган йигит жуда ҳам тортинчоқ бўлганлиги сабабли ота-онаси олиб қочишга ёрдам беришини илтимос қилишган. Шундай қилиб, барчаси биргаликда «олиб қочишни» уюштиришган экан.
***
Ирис Оппэлаар Ўрта Осиё ҳудудларини ўрганиш бўйича магистр мақомини олган. У Нидерландияда олиб қочиш бўйича бир нечта репортажларни кўргандан сўнг, Қирғизистонга келиб, бу одат бўйича излана бошлаган.
Ҳозир «олиб қочиш» бўйича унинг ўзи ҳужжатли фильм тасвирга олаётган вақти. Ирис Қирғизистоннинг шимолий ҳудудидаги яшовчилар билан учрашиб, «олиб қочиш» одатига бўлган фикрлари ва турли воқеаларни тўплаб юрган. Бу ҳаракатда унга россиялик Константин Саломатин ёрдам бермоқда, унинг ўзи кўп йиллардан буён Қирғизистонда олиб қочиш бўйича изланишларни олиб боради.
«Аёлларга кўмак бериш маркази» ва «Қиз қўрғон» институтининг маълумотларига кўра, Қирғизистонда ҳар куни 32 қиз олиб қочиш факти рўйҳатга олинади — унинг ичидан олти ҳолатда қизлар зўравонликка учрашади.
Омбудсмен давлат институтининг статистикаси бўйича 2014-йили олиб қочиш воқеалари бир қанча кам рўйҳатга олинган. Институт маълумотида, ўғирлаб кетилган қизларнинг 80 фоизи турмуш қуриб қолади, қолган 20 фоизи қайта кетишга ҳаракат қилади.
Қиз олиб қочиш 2012-йили жиноий иш каби қаралиб қолди. Унда жиноят ва жазо кодексига ўзгартиришлар киритилиб, қиз ўғирлаб қочган йигитлар 7 йилга озодликдан махрум қилиш кўрсатилган.
ИИМнинг маълумоти бўйича 2015-йилги жиноят ва жазо кодексига кўра, зўравонлик йўли билан турмуш қуришда 25 жиноий иш қўзғалиб, судга ўтказиб берилган.
ИИМнинг матбуот хизмати вакили Адил Оморовнинг Kloop.kgга билдиришича, кўпчилик ҳолларда олиб қочилган қизларнинг ота-онаси халқ олидаги шармандаликдан тортиниб, милицияга хабар қилишмайди.
«Агар олиб қочиш бўйича ариза тушса, биз уни зудлик билан кўриб чиқамиз, бироқ ота-оналар шарманда бўламиз деб, милицияга хабар қилишмайди. Олиб қочган вақтда милицияга билдирилмайди, ёшлар расмий рўйҳатдан ўтгандан сўнг, бу жиноят бўлиб ҳисобланмайди», — деди у.
Муаллифлар: Регина Им, Анна Капушенко
Видео: Тилек Бейшенали ўғли