Суд «Социал-демократлар» партиясини БШК сайловидан четлатиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди

14

Бундай қарор 21 ноябрь куни Бишкек маъмурий суди томонидан қабул қилинди. Шу тариқа, Бишкек ҳудудий комиссиясининг «Социал-демократлар»ни Бишкек шаҳар кенгаши сайловидан (БШК) четлатиш ҳақидаги қарори ўз кучида қолди.

13 ноябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Бишкекдаги «Социал-демократлар» қароргоҳини тинтувдан ўтказишди. Шундан сўнг милиция Ирина Карамушкина ва Данияр Чўлпонбаев ўртасидаги телефон суҳбати ёзувини тарқатди, унда гўёки сайловчиларнинг овозини сотиб олиш ҳақида гап кетмоқда. Шаҳар ички ишлар бошқармаси баёнотига кўра, тергов давомида улар сайловчиларнинг ҳар бир овозини 1000 сомга сотиб олишни ташкил қилганликлари тасдиқланган.

15 ноябрь куни Бишкекнинг Свердлов туман суди «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ва унинг партиядошлари Ирина Карамушкина ҳамда Роза Турксеверни икки ойга қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Уларнинг барчаси сайловчиларнинг овозини сотиб олиш иши бўйича тергов қилинмоқда.

17 ноябрь куни маҳаллий кенгаш депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш бошланишидан олдин «Социал-демократлар»га нисбатан жиноий иш очилгани туфайли уларни БШК сайловида иштирок этишдан четлатишди.