Онлайн пул ўтказмалари учун банкларга комиссия олиш вақтинча тақиқланди

14

Қирғизистон Миллий банки сомдаги онлайн ўтказмалар учун банкларнинг комиссия ундиришини тақиқлади.

Қирғизистон банклари ва тўлов ташкилотларига интернет-банкинг орқали жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги ўтказмалари учун комиссия ундириш тақиқланди. Бу қарор 23 октябрь куни Миллий банк томонидан имзоланди.

Ҳужжат 25 ноябрдан кучга киради ва 2025 йил 31 декабргача амал қилади.

Миллий банк баёнотида ушбу чора «банк хизматларининг барча аҳоли қатламлари учун мавжудлигини таъминлаш», шунингдек, банк соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беришини маълум қилди.

Қирғизистон Миллий банкида айтилишича, қарор 2021 йилда президент томонидан имзоланган ва 2026 йилгача давом этадиган Қирғизистон Республикаси Миллий ривожланиш дастурида молия бозорига оид бандни амалга оширади.