Ижтимоий тармоқлардаги постлари учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаол Зарина Торокулова кеча қамоқдан жазо изоляторига ўтказилди. Бу ҳақда «Азаттиқ» радиоси фаолнинг яқинларига таяниб хабар берди.
Фаолнинг қизи Айман Рисбекованинг сўзларига кўра, онасининг юраги оғриган, лекин саломатлигидаги муаммоларга қарамай, Торокулова 15 суткага ШИЗОга (жазо изоляторига) қиритилган. Бу эса максимал етти кунлик жазодан анча узоқ муддатни ташкил қилади.
«Аёллар ўз ҳуқуқларининг бузилганидан шикоят қилишлари мумкин, раҳбарият эса аризани қабул қилиб, дарҳол шикоят қилинганларни қамоққа ташлайди. Уларни 15 суткага қамадилар, гарчи одатда уч кундан етти кунгача қамалади», — деди у журналистларга.
«Клооп» фаол билан боғлиқ вазият юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида Жазони ижро этиш давлат хизмати матбуот хизматига мурожаат қилган, аммо ҳали жавоб олмаган.
Зарина Торокулова 2023 йил сентябрь ойида Facebookʼдаги постлари учун қўлга олинган. Ўшанда ДХХ уни «тизимли равишда оммавий тартибсизликлар моддасига тушадиган провокацион материалларни чоп этган» деб айблаган эди.
Давлат айбловчисига кўра, Торокулова Facebookʼдаги «Умай Аруу» аккаунтининг икки хабарини қайта чоп этган. Улардан бири «Жапаров мафия» ва бошқаси «онлайн митинг уюштиришни» таклиф қилган. Бу материалларга экспертиза ўтказилган ва Торокулова «ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақиргани» аниқланган.
Фаолнинг ўзи эса Facebookʼда икки хабарни қайта чоп этганини ва унга нисбатан иш «сиёсий буюртма» эканини айтган.