CPJ: Қирғизистон ҳукумати Temirov Live нашрига қарши «шиддатли» кампанияни тўхтатиши ва журналистлардан айбловларни олиб ташлаши керак.

85

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Қирғизистон ҳукуматини Temirov Live'нинг собиқ ва ҳозирги журналистларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.

«Temirov Live'нинг 11 нафар журналист-суриштирувчисига қарши ана шундай сохта ва қасосли айбловлар бўйича ҳеч бўлмаганда биттасини маҳкум этиш Қирғизистоннинг халқаро обрўсига яна бир жиддий зарба бўлади», — деди CPJ'нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури координатори Гулноза Саид.

Ташкилот Қирғизистон ҳукуматини Temirov Live нашри ва унинг асосчиси Болот Темировга қарши «шиддатли кампания»ни тўхтатишга ва журналистлардан айбловларни олиб ташлашга чақирди.

Кеча Бишкекнинг Ленин туман судида Temirov Live'нинг собиқ ва ҳозирги журналистлари устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Прокурор барча айбланувчиларга олти йилдан озодликдан маҳрум этиш жазосини талаб қилди. Кейинги жараён 3 октябрда бўлиб ўтади, унда ишдаги барча иштирокчилар сўнгги сўзини айтишади.

Temirov Live журналистларининг иши бўйича 13 нафар иштирокчи бор. Лойиҳанинг 11 нафар собиқ ва ҳозирги ходими 16 январь куни оммавий тартибсизликларга чақирганликда айбланиб қўлга олинган. Махабат Тажибек қизи ва журналист Актилек Капаров «тартибсизликларга чақиришни ташкил этишда», Болот Темиров ва Улан Нурманбетовни ҳам ўз ичига олган қолган журналистлар эса бу чақириқларга «ёрдам беришда» айбланган. Барча айбланувчилар ўзларига қўйилган айбловларни инкор этишмоқда.