Ҳуқуқ ҳимоячилари: Нодавлат нотижорат ташкилотлари реестри Қирғизистон қонунлари ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир

72

26 сентябрда «Бир дунё – Қирғизистон» ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячилари Вазирлар маҳкамасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорини бекор қилиш талаби билан Бишкек маъмурий судига мурожаат қилди.

Августдаги қарорни кўриб чиққан адвокатлар Вазирлар маҳкамаси ўз ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб юборган деган хулосага келишди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, резолюция Қирғизистон конституцияси, қатор қонунлар ва Вазирлар маҳкамасининг 2022-йилги қарорига зиддир.

Ҳуқуқшунослар, шунингдек, Қирғизистоннинг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятлари ноҳукумат ташкилотлари реестри туфайли бажарилмаётганини қайд этди. Фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги пакт ва ЙХҲТ ва БМТ тамойиллари бўйича мажбуриятларни мисол тариқасида келтирдилар.

Май ойида ҳуқуқ ҳимоячилари «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга киритилган қоидалар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиб, уларни ўз кучини йўқотган деб топишни сўраган эди. Бироқ суд ҳайъати уларнинг аризасини қабул қилишдан бош тортди.

Бунгача Қирғизистон Адлия вазирлиги «Хорижий вакиллар функцияларини бажарувчи нотижорат ташкилотлари» реэстрини яратиш ва уларнинг фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаган эди.

Президент Садир Жапаров 2 апрель куни «Хорижий вакиллар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унинг сўзларига кўра, бу қонун фақат фойда келтиради, чунки «ҳамма нарса очиқ ва тенг шароитларда ишлайди». Жапаров, шунингдек, тижорат ташкилотлари таъқиб қилинмаслигига ишонтирди.

Бунгача ўнлаб нодавлат ташкилотлар ва фаоллар президентни мазкур қонунни имзоламасликка чақирган. Уларнинг фикрича, қонун нормалари фуқаролик ташкилотлари фаолиятини кескин чеклайди ва аниқ репрессив хусусиятга эга.