Омбудсман Жамиля Жаманбаева, ОАВ ва интернетда бўҳтон ва ҳақоратлар учун белгиланган 100 минг ва 200 минг сомлик жарималарни асоссиз равишда юқори деб баҳолади.
«Қонун лойиҳасида бу жарималарни қўллаш Маданият вазирлиги томонидан эмас, фақат суд томонидан белгиланиши кераклиги ҳисобга олиниши керак», — деди омбудсман.
Жаманбаеванинг фикрича, жарима миқдори мутаносиблик тамойилига мос эмас, «чунки ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жазо миқдори жиноят учун белгиланган жазо миқдоридан анча камроқ бўлиши керак. Бўҳтон ва ҳақорат жиноят сифатида баҳоланмайди».
Шунингдек, омбудсман фуқаролик кодекси ва Қирғизистон Олий судининг «Шахсий шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик обрўйини ҳимоя қилиш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорига асосан, шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик обрўйини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Жаманбаева қонун лойиҳасини такомиллаштириш кераклигини билдириб, ташаббускорларни уни қайтариб олишга чақирди.
ОАВ ва интернетда ҳақорат ва бўҳтонлар учун жарималар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Маданият вазирлиги томонидан илгари сурилган. Ҳужжатга кўра, ОАВ ёки интернетда ҳақорат ёки бўҳтон учун жисмоний шахсларга 100 минг сом, юридик шахсларга эса 200 минг сом жарима белгилаш таклиф қилинган. Ташаббускорларнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда ОАВ ва интернет орқали ҳақорат ҳамда таҳқирлаш ҳолатлари кўпаймоқда.