Шайлообек Атазов бош прокурор Зулушевни истеъфога чиқишини талаб қилди

406
Депутат Шайлообек Атазов.

Жогорку Кенешнинг 13 мартдаги йиғилишида депутат Шайлообек Атазов билдирув қилиб, уни мандатидан ажратишга бош прокурор Курманкул Зулушев манфаатдор дея айблади.

Атазов коррупция бўйича айбини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов билан алоқаси бор деган гапларга изоҳ берди. У Матраимов билан Зулушевнинг алоқаси борлигини айтиб, истеъфога чиқишини талаб қилди.

«Шу мандатни икки йилдан бери ортимдан қувиб юриб Бош прокурор мақсадига етди. Матраимов билан алоқаси йўқ қайси сиёсатчи бор? Қирғиз спортини кўтариш учун Матраимовгача яна кўп инсонлар билан алоқа қилганман. Энг катта алоқаси бор икки китни айтиб қуяй, мана бош прокурор Зулушев сиз ўзингиз қон дўсти бўлиб, учиб, туғилган кунингизда "Раим дўстим келгунича емай туринглар " деб ўтирмадингизми. Уч йилдан бери бош прокурор бўлиб ўтирасиз, у киши катта жиноятчи бўлса, кўрмай қолдингизми? Кеча муфтиятни очаётган вақтда қўлга олмадингизми», — деди у.

Атазов давлат сиёсати деб барча қонунни, президент Садир Жапаров билан МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевни қўллаб келганини таъкидлади. У «казино ҳақидаги қонунни қўллаб нотўғри қилганини» айтиб, халқдан кечирим сўради.

Халқ вакили парламент раиси Нурланбек Шакиевга мурожаат қилиб, депутатларни ҳимоя қилишга чақирди. У парламентга эркинлик керак деб таъкидлади.

Атазовни мандатдан ажратилиши

6 мартда Бишкекнинг маъмурий суди Шайлообек Атазовни депутатлик мандатидан ажратиб, МСКни Абдурахманхажи Муртазалиевни Свердлов бир мандатли сайлов округидан Жогорку Кенешнинг депутати деб тан олишга мажбур қилган.

Ўша куни Атазов маъмурий суднинг қарорига изоҳ бериб, қарор «ноқонуний эканини» айтган.

«Ҳеч қандай юридик аргумент, фактлари йўқ. Мамлакатимиздаги сиёсий гуруҳларнинг манфаати билан қилинди. Бахтга қарши мамлакатимизда президентнинг атрофига қайтадан икки юзли аферистлар, фирибгарлар йиғилиб қолди. Уларнинг исмини айтиб, оммага юзини очмаса бўлмайди шекилли. Мен энди менга бўлаётган сўнгги олти ойдаги сиёсий босим ва уни кимлар уюштираётганига кун сайин вақтга қараб тўхтаб турайин. Сабр қилдим, жим қўйишмади», — деган Атазов.