Оммавий қўлга олинган 11 нафар журналист иши: Саккиз нафари қамоқда қолиб, уч нафари уй қамоғига чиқди

418
Temirov Live’нинг оммавий қўлга олинган ҳозирги ва собиқ 11 нафар ходими.

12 мартда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Temirov Live ва «Айт Айт Десе» лойиҳасининг оммавий қўлга олинган 11 нафар собиқ ва ҳозирги ходимининг эҳтиёт чорасини кўриб чиқди.

Суд ҳукмига кўра, саккиз нафар журналист яна икки ойга қамоқда қолдирилди:

  • Temirov Live ва «Айт Айт Десе» лойиҳасининг етакчиси Махабат Тажибек қизи;
  • «Арча Медиа» журналисти Сайпидин Султаналиев;
  • «Алга Медиа» асосчиси Актилек Капаров;
  • «ПолитКлиника» журналисти Тинистан Асипбеков;
  • Temirov Live’нинг ходими Айке Бейшекеева ва Азамат Ишенбеков;
  • Лойиҳанинг собиқ ходими Жоодар Бузумов ва Temirov Live’нинг собиқ оператори Максат Тажибек ўғли.

Улар ТИЗО-1 да 13 майга қадар қамоқда бўлади.

Суд журналист Сапарбек Акинбеков билан оператор Акил Орозбековни уй қамоғига чиқарса, Temirov Live’нинг собиқ лойиҳа менеджери Жумабек Турдалиевни ҳеч қаёққа кетмаслик тилхати асосида бўшатди.

Оммавий қўлга олинган 11 журналист

Қирғизистонда журналистларни оммавий қамоққа олиш 16 январда бошланган. Temirov Live’нинг жами 11 нафар журналисти икки ойга қамалган. Тўққиз кишига «Оммавий тартибсизликка чақириш» моддаси билан иш қўзғалиб, лойиҳа етакчиси Махабат Тажибек қизи ва Азамат Ишенбековга «Тартибсизлик уюштиришга уриниш» моддаси билан айб қўйилган.

Тергов маълумотига кўра, Temirov Live ва «Айт Айт Десе» саҳифаларида эълон қилинган уч материал бўйича лингвистик экспертиза асосида айб қўйилган.

Суриштирувчи журналист Болот Темиров эса ИИВнинг журналистлар эълон қилган материалларда «оммавий тартибсизликка чақириқларни қамраган маълумотлар бор» деган билдирувини инкор қилган.