Кампиробод иши: Қамоқдагилар олий суд раисининг айтганларини ёлғон деб атади

419

Кампиробод иши бўйича қамоқда ётган фаол Илгиз Шаменов олий суд раиси Замирбек Базарбековнинг «суд ишининг кечикишига қамоқдагилар айбдор» деган баёнотини ёлғон деб атади.

«Базарбеков “оғир жиноят бўлгани учун буларни уй қамоғига чиқара олмаймиз ” дейди. Биз 27 киши бўлганмиз, 17 нафари уй қамоғига чиқиб юрибди-ку. Бўлмаса, барчамизники бир хил жиноятда. “Бектур Асановни касал бўлиб қолгани учун чиқаряпмиз ” дейди. Нима биз Бектур Асановдай бўлиб аравачага ўтириб, майиб бўлиб қолганда чиқаришадими?», — деб савол берди у.

Шаменов Базарбековнинг «қамоқдагилар судда шоу қилмоқда» деган сўзига «қонунни қўпол бузиб ўзлари шоу қилишмоқда» деб жавоб берди.

Бунга қадар олий суд раиси «Кабар» ахборот агентлигига интервью бериб, Кампиробод иши бўйича суд суриштирувини чўзилаётганига ўзлари сабабчи эканини айтган.

«Жиноят иши ҳам ҳажмли – 60 том. Иш судга ўтгандан кейин у кўриб чиқила бошлади. Бироқ бир куни қамоқдаги кимнидир адвокати келмай қолади, бошқа куни кимидир касал бўлиб қолади ёки атайлаб адвокатини жўнатмай қўяди, ёки бўлмаса судда “биздек қаҳрамонлардан тухум олиб қолинглар” деган каби “шоу” қилишади», — деган у.

Замирбек Базарбеков гумондорларга қўйилаётган айб оғир эканини таъкидлаб, агар «соғлиғи билан алоқадор бўлса, уй қамоғига чиқарилишини» қўшимча қилган.

Кампиробод иши

2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан 30 га яқин фаол, сиёсатчи қўлга олинган. Уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйилган.

Қўлга олинганларнинг барчаси Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар тўғри очиқ айтилган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган деб келишади. Суд баъзи сиёсатчиларни уй қамоғига чиқарган бўлса, бошқаларини эса қамоқда қолдирган.

Фаол, сиёсатчиларнинг қўлга олинишини бир неча депутатлар айблаган, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса Қирғизистон ҳукуматини қўлга олинганларнинг барчасини бўшатишга чақирган.