Ребурснинг ечилиши. Қирғизистон нима учун рус сармоядорларининг фамилиясини яширмоқда?

426

Қирғиз ҳукуматининг санкцияга учраган инвесторларнинг исм-шарифларини яширишга бўлган уриниши такаббурлик билан тенгсиз курашга чиқди. Бунинг натижаси маҳаллий фирибгарлардан жабрланган россиялик ишбилармонлар юзини яширмаса ҳам фамилиясини яшириб, президент Садир Жапаров билан МХДҚ бошчиси Ташиевга миннатдорчилик билдирган видеолардан кўринди. «Клооп» шундай воқеалардан бирини баён қилиб беради. 

26 февралда Tazabek нашри «россиялик инвестор Екатерина Анатольевна» ўғирланган инвестицияни қайтариб берган «Садир Нургожоевич ва Қамчибек Қидиршаевич»га рахмат айтгани акс этган ғалати видеони эълон қилган. Тадбиркор аёлнинг айтишича, Иссиқкўлда мехмонхона қурилишига 14 млн доллардан ортиқ пул ўтказган, лекин ҳамкорлари уни ташлаб қочиб кетган, «криминал» эса таҳдид қилиб Қирғизистонга киритмай қўйган. Энди уни «пулга ухлатиб кетганлар» жавобгарликка тортилиб, пуллари қайтарилди.

Екатерина Анатольевнанинг фамилиясини ва унинг ҳамкорларининг исм-шарифини янгиликнинг муаллифлари ҳам, тадбиркор хонимнинг ўзи ҳам тилга олмаган. Аммо у аёл Иссиқкўлдаги «Новел» меҳмонхонасини тилга олган, бу тақдири оғир меҳмонхона ҳақида МХДҚда ҳам айтиб берган эди. Ведомствонинг маълумотига кўра, 2018 йили Россиянинг Р. Д. А. деган инициали кўрсатилган фуқароси «Айсео» МЧЖ билан стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартнома бўйича коттеж шаҳарчасининг қурилишига пул ўтказган. Аммо «Айсео»нинг эгалари қонундаги ўғри марҳум криминал Қамчи Колбаев билан алоқадор жиноий таниш-билишлигини ўртага қўйиб, Р. Д. А. деган фуқаронинг пулларини ва мулкини тортиб олишган.

Р. Д. А. дегани ким ва Екатерина Анатольевнанинг бу ерда қандай алоқаси бор экани тушунарсиз бўлаётган эди. Аммо «Айсео»нинг маълумотини кўриб чиққандан сўнг, ишбилармон Бакит Османкуловга тегишли бу компания 2024 йилнинг январида Ребус Дмитрий Александровичнинг номига қайта расмийлаштирилганини аниқладик. Инициалларга қараганда, бу бояги махсус хизмат Россия фуқароси деб билдирган Р. Д. А. Бундан ташқари, январда Дмитрий Александровичнинг «Баатир Голд» деган қимматбаҳо темир ишлаб чиқарувчи компанияда улуши пайдо бўлган. Бу компанияга ҳам аввалроқ Бакит Османкулов эгалик қилиб келган. Османкулов бўлса 2023 йилнинг декабрида россиялик инвестордан пул талаб қилгани учун МХДҚ томонидан қўлга олинган. Османкулов билан бирга Екатерина Ребус «Баатир Голд»нинг тенг таъсисчиси бўлган. 

Биз кўрган хоним ҳақиқатдан ҳам юқорида исми келтирилган Екатерина Анатольевна эканига ишониш учун «Клооп» уни ижтимоий тармоқлардан қидириб топиб, буларни билди: у Самара вилоятида beauty.rebus деган гўзаллик марказига ва стоматологик клиникага эгалик қилар экан. Айтмоқчи, фамилияси ҳам Ребус.

Қирғизистоннинг биринчи одамларининг ёрдами билан адолатга эришган, оқкўнгил россиялик сармоядорларга фамилиясини яшириш нега керак бўлди?  Кузатсак, гапнинг барчаси Дмитрий Ребус Украина санкциясига учраганида экан. Дмитрий Ребуснинг эса «ВМК» номли рус компанияси, «Медуза» нашрининг маълумотига кўра, АҚШнинг санкциясида экан. «ВМК» — «Ростех» давлат корпорацияси учун электрон компонентларни ташувчи етакчи компания. У электрон компонентларни кўпинча Америка компанияларидан ташиб келган. «Ростех» давлат корпорациясининг ишхоналари бўлса қурол ва ҳарбий техника чиқаради. Украина шу сабабдан Ребусга санкция киритган: компания рус армиясининг компонентларга эҳтиёжи учун хизмат қилади.

Аноним россиялик сармоядорлар ҳозирги ҳукуматга бунга қадар ҳам очиқ миннатдорчилик билдиришган. 2023 йилнинг сентябрида россиялик сармоядорнинг исми аталмаган вакили «Керемет» банкдан ўғирланган маблағини қайтариб беришгани учун Бош прокуратуранинг ходимларига миннатдорчилик билдирган. Банкнинг ходимларига пулларни ўғирлашга МХДҚ бошқармасининг ўринбосари ёрдам берган, тергов вақтида эса мазкур пулларнинг бир қисми Бош прокуратурадан чиққан. Пулларни муассаса ходимларидан бири ўзига ўзлаштириб олган ёки казинода ютқазиб қуйиш эҳтимоли бор. Бош прокуратура ўз навбатида ходимлари пулни ўзларига ўзлаштириб олганини ва сарфлаганини инкор қилган.

Вақти-вақти билан ОАВга чиқиб турган бу иш бўйича маълумотга кўра, бу жумбоқли сармоядорлар яна санкциядан қочиш схемалари билан алоқадор. Суд органлар маълумотига кўра, ўғирланган пуллар россиялик тадбиркор Даниэл Розенбергнинг «Covart Energy Limited» деган Гонконг компаниясига тегишли бўлган. У пулларни нефть махсулотлари учун Бразилия компаниясидан олган. 2023 йилнинг декабрида АҚШ компанияга қарши санкцияларни киритган.

Бош прокуратура пулларни ўтказиб беришда Ребус воқеасидай сармоядорнинг исмини ошкор қилмаган. Қисқаси, Қирғизистоннинг Жапаров-Ташиев давридаги ҳуқуқ-тартибот органларининг такаббурлиги бетига паранжи ёпиб, орқасини очиб олганни эслатади.

Муаллифлар:  Арууке Солтоной, Виктор Мухин, Екатерина Резникова