Чуй: Милиция туғруқдан кейин вафот этган 36 ёшли аёлнинг ўлимини тергов қила бошлади

764

Чуй вилояти милицияси 11 февраль куни Жайил туманидаги вилоят касалхонасида туғруқдан кейин вафот этган 36 ёшли аёлнинг ўлими юзасидан тергов ишларини бошлади. Бу ҳақда «Клооп»га  16 февраль куни милициянинг матбуот хизмати маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аёлнинг ўлими муносабати билан шифохона раҳбари ва бир қатор ходимлар ишдан бўшатилгани, хизмат текшируви ўтказилиб, ўлим сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилгани ҳақида хабар берди.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи эса «Сереп Медиа» ахборот агентлигига берган интервьюсида унинг рафиқаси «шифокорларнинг масъулиятсизлиги туфайли вафот этганини» айтди.

«Кесарво қилайлик десак,  шифокорлар “ҳозирча кесарево қилишга ҳаққимиз йўқ, ҳеч қандай сабаб йўқ, хотинингизнинг соғлиғи яхши, ўз кучи билан туғади, 8 болани ўз кучи билан туғибди, бу сафар ҳам ўзи туғади”, деб кесаревога қабул қилишмади. [...] [Туғруқдан кейин] шифокорлар нима учун менга маълумот бермай, яшириниб юришганини тўлиқ тушунтириб беришсин. Тегишли шахслар жазоланиб, адолат ўрнатилиши керак. Тўққиз боласини қолдирди, бизга ким бош-қош бўлади? » — деди марҳумнинг эри.

Мазкур воқеа аёлларнинг туғруқдан кейин вафот этган биринчи ҳодисаси эмас. Аввалроқ, жорий йилнинг январь ойида Бишкекдаги 2-туғруқхонада эгизак фарзанд дунёга келтирган 22 ёшли аёл вафот этган эди. Ўтган йилнинг октабр ойида Ўш вилоятининг Новқат туманидаги вилоят касалхонасида 28 ёшли аёл, июнь ойида Жалолобод вилоят туғруқхонасида 31 ёшли Айпери Базарбоева туғруқ вақтида вафот этган.