«1-июлга қадар улгуриб қолинглар». Жапаров 20 млн доллар атрофидаги мулкини легаллаштирди

729
Президент Садир Жапаров.

Президент Садир Жапаров «даромадни легаллаштириш» ҳақидаги қонун 1 июлга қадар кучида бўлишини билдирди. У маблағини «чет элда сақлаган» бойларни ўз вақтида даромадини легаллаштириб олишга чақирди.

Жапаров 15 февралда фейсбукда пост ёзиб, бу қонун бойларга «маблағини хориждаги банкларда сақлаб ётмай, мамлакатдаги банкларга солиб, иқтисод фойдасига ишласин деган мақсадда қабул қилганини» айтди.

Президент «мулкларимизни бошқа бировларнинг номларига қайд эттириб келганимиз сир эмас» деб таъкидлаб, мамлакатда «миллиардларини чет ердаги банкларда сақлаётган» бойлар кўп эканини қўшимча қилди.

«Нима учун чет элларда сақлашяпти деган саволга жавоб оддийгина. Бунга қадар бунча пулни қаердан, қандай қилиб топдинг, қанча солиқ тўладинг деган савол туғилиб, муаммо пайдо бўлар эди. Энди мана шу қонун билан бундай муаммо туғилмайдиган қилиб, легаллаштириш имкониятини яратиб бераяпмиз. Бу имконият 1 июлга қадаргина ишлайди. Ундан кейин ишламайди. Шунинг учун кечикмай легаллаштириб, улгуриб қолинглар», — деди у.

Президентнинг мулки

Президентнинг Ибраимов кўчасидаги биноси. Сурат: Садир Жапаровнинг фейсбук саҳифаси

Жапаров ўзини мулкининг умумий қиймати 20 миллион доллар атрофида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у ўз мулкини қонун асосида легаллаштириш учун давлатга бир миллион сом тўлаган.

Давлат раҳбари Ибраимов кўчасида 2010 йилда қурилган биноси бор эканини айтиб, уни 2020 йилда президент қароргоҳи сифатида фойдаланганини таъкидлади.

«Албатта, юқорида айтганимдек, менинг биноларим аввалроқ бошқа шахсларга рўйхатга олинган. Энди легаллаштириш қонунининг асосида ўзимга рўйхатдан ўтказдим. Бошқаларга ўрнак бўлиш учун ўзим биринчи бўлиб легаллаштирдим. [...] Чет элда йиғилган пулим йўқ, бўлганда уларни ҳам олиб келиб, ўзимизнинг банкларга солиб қўярдим», — деди у.

Жапаров легаллаштирилган мулк сўроқ қилинмаслигини айтиб, унинг хавфсизлигига «давлат 100 фоиз тўлиқ кафолат беришини» ваъда қилди.

Капитални легаллаштириш ҳақидаги қонун  

«Хусусий активларни ихтиёрий равишда қонунийлаштириш ва амнистия бериш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси президент маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 2022 йил март ойида ташаббус кўрсатган.

Унда Қирғизистон фуқароларига илгари бирон сабабга кўра ҳужжатга киритилмаган мол-мулкини декларацияга киритиш таклиф қилинган. Активлар манбасини эса ошкор қилишга ҳеч ким мажбур эмаслиги айтилган.

Парламентда сўзга чиққан Садир Жапаров қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад коррупционерларни ҳимоя қилиш эмас, балки бойликларини хорижда сақлаган бойларнинг мол-мулкини мамлакатга қайтариш эканини таъкидлади.

Қонун лойиҳаси танқидчиларидан бири – ҳозирда қамоқда ўтирган депутат Адахон Мадумаров эса бу ташаббус «халқ ҳисобидан бойиб кетганларни амнистия қилиш»га қаратилган деб айтган.