Бишкек шаҳрида аёлини мунтазам калтаклаб, унинг қариндошларидан фирибгарлик йўли билан йирик миқдордаги пул олиб, бермай юрган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда 16 январда МХДҚдан билдиришди.
Маълумотга кўра, махсус хизматга эри томонидан зўравонликка учраган аёл мурожаат қилган. Жабрланувчи ҳозирда пойтахтдаги тиббиёт муассасаларидан бирида даволаниб, оилавий психолог маслаҳатларини олаётгани маълум бўлди.
Тергов давомида, жиноятда гумондор «оиладаги можаролар туфайли аёлининг соғлиғига ҳар доим зарар келтириб, қўрқитиб, маънавий-руҳий босим ўтказиб келгани» аниқланди. Шунингдек, у жабрланувчини яқинларининг ишончига кириб фирибгарлик йўли билан 30 минг АҚШ долларини олиб, узоқ вақтгача қайтариб бермай келган.
«Аёли олган пул маблағларни қайтариб беришни сўраганда гумондор уни мунтазам равишда калтаклаган ва танасига зарар келтирган. Соғликка зарар етказиш ва фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғалди», — деб айтилади билдирувда.
Ҳозирда жиноятда гумонланувчи Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилиб, жабрланувчига нисбатан суд-тиббий экспертиза тайинланди. Суриштирув ишлари давом этмоқда.
Оиладаги зўравонлик — республикада кўп йиллардан буён актуал бўлиб келаётган асосий масалалардан бири. ИИВнинг маълумотига кўра, мамлакатда 2023 йилнинг сўнгги ўн ойида оиладаги зўравонликнинг 10 минг 400 та ҳолати рўйхатга олинган.
Ўша йилнинг октябрида Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонли ва хавфсизлиги бўйича глобал индексида (WPS Index) 177 давлат орасидан 95-ўринни эгаллаган. Бу кўрсатгич Қирғизистон икки йилдан бери Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлат бўлаётганини айтиб туради.
Муаллиф: Нурпаяз Абитов