Чуй: Ўз онасини калтаклаб ўлдиришда гумонланиб 47 ёшли киши қўлга олинди

305

Чуй вилоят милицияси Москва туманида ўз онасини ўлдиришда гумонланиб 47 ёшдаги киши қўлга олинганини хабар қилди.

Гумондор. Сурат: Чуй вилоят ИИББ

Маълумотга қараганда, 15 январда милицияга 47 ёшдаги киши мурожаат қилиб, 72 ёшли онасининг юраги тўхтаб вафот этганини билдирган.

Марҳумнинг жасадини текшириш чоғида кўплаб жароҳатлар аниқланган. Бу бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари «Қотиллик» моддаси билан жиноий иш қўзғаган.

Тезкор-суриштирув ишлари натижасида марҳумнинг ўғли — 47 ёшли киши маст ҳолатда онасини калтаклаб ўлдирган ва танасидаги жароҳатларни «йиқилиб тушган» деб ёлғон айтгани маълум бўлган.

Ҳозирда гумондор вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди. Тергов ишлари давом этмоқда.

2023 йилнинг октябрида Қирғизистон дунёдаги аёллар фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексида (WPS Index) 177 давлат орасидан 95-ўринни эгаллаган. Бу кўрсатгич Қирғизистон иккинчи йили кетма-кет Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлат бўлаётганини кўрсатиб туради.