Норинда отасини ўлдириб, жасадини ҳожатхонага ташлаган 26 ёшдаги турғун қўлга олинди

288

Норин шаҳрида ўз отасини ўлдириб, жасадини ҳожатхонага чўктириб юборишда гумонланган 26 ёшли турғун қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 9-январда Норин вилоят ИИБидан билдиришди

Маълумотга кўра, 6 январь, соат 21:00 атрофида Норин шаҳри, Мирзабеков кўчасидаги уйлардан бирининг ҳожатхонасидан номаълум шахснинг жасади топилгани ҳақида милицияга хабар келиб тушган. Марҳум шу кўчадаги уйлардан бирида яшовчи 54 ёшли фуқаро эканлиги аниқланган.

Аввалроқ, 2023 йил 12 ноябрь куни марҳумнинг рафиқаси милицияга мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи 11 ноябрь куни соат 15:00 атрофида уйдан чиқиб кетгани ва бедарак йўқолганини айтган.

Қидирувдаги фуқаронинг жасади топилгани юзасидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Иш доирасида марҳумнинг 26 ёшли ўғли сўроқ пайтида «отаси спиртли ичимлик ичгани учун жанжаллашиб қолгани, отасини туртганида чалқанча йиқилиб, бошининг орқа томони цементнинг четига урилиб, ҳушини йўқотганини» билдирган. Шундан сўнг у «дадасини ўлган деб ўйлаб, бошига елим қоп кийиб, ҳовлидаги ҳожатхонага чўктириб юборганини» тан олган.

Милициянинг хабар беришича, 7 январь куни гумонланувчи қўлга олинган ва тергов давом этмоқда.