Савдогарларнинг солиқ текширувларига ярим йиллик мораторий кирди  - улар жаримага тортилмайди

370

Қирғизистонда 2024 йилнинг биринчи олти ойида савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларни текшириш ва уларга жарима солиш тақиқланади. Бу ҳақда Солиқ хизматининг раҳбар ўринбосари Исламбек Қидирғичовга таяниб «Азаттиқ» ёзди.

Унинг айтишича, савдогарлар бир неча шаҳарларда митингга чиққанидан кейин президент Садир Жапаров қарори билан тузилган ишчи комиссия йиғилишида шундай қарор қабул қилинган. Расмийнинг айтишича, мораторий 2024 йил 1 январдан бошлаб тижорат фаолияти учун патентларни бекор қилишни тартибга солиш билан бирга кучга киради.

Қидиргичов «ярим йил ушунтириш ишларигина олиб борилишини, халқ янги тизимга кўникиб, ўргангунча ҳеч қандай жарима солинмаслигини» айтди.

«Биринчидан, барча ҳисоботлар бекор қилинади. Бухгалтерни ёллашнинг ҳожати йўқ. Илова ҳам мавжуд бўлиб, маҳсулот келганлигини билдириш учун [телефондаги] тугмани икки марта босиш кифоя қилади. Текшириш йўқ. Юқори раҳбарлар бу муддатга эришилмаса, мораторий узайтирилишини айтишмоқда. Бу бозорларда ва умуман савдода ишлайдиганларга тегишли», — деди у.

Қидиргичев яна 30 минг дона ККМ қурилмаларини харид қилиб, тадбиркорларга бепул тарқатиш бўйича топшириқ берилганини қўшимча қилди.

29 ноябрдан буён мамлакатдаги бир қатор йирик бозорлар ишбилармонлари ККМ ўрнатишга қарши чиқишмоқда. Митингда Бишкек, Ўш, Қоракўл, Талас, Тўқмоқ ва Қора-Балта шаҳарларидан тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Савдогарларнинг асосий талаби - мавжуд патент тизимини қолдириб, солиққа тортишнинг янги шартларини, шу жумладан назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланиш талабини олиб ташлаш.