Осиё тараққиёт банки Қирғизистон қишлоқ хўжалигига 40 миллион доллар ажратади

337

Осиё тараққиёт банки Қирғизистон қишлоқ хўжалиги соҳасига 40 миллион АҚШ доллари ажратади. Унинг 20 миллиони грант, қолгани эса кредит сифатида берилади. Бу ҳақда 4 декабрда Қишлоқ хўжалиги вазири Асқарбек Жанибеков Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, юқорида кўрсатилган маблағнинг 36 миллиони қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун логистика марказларини ташкил этиш, зарур жиҳозларни харид қилиш, технологияларни олиб кириш, озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини жорий этишга йўналтирилади. Қолган 4 миллион доллар эса лойиҳани амалга ошириш учун мутахассисларни ёллаш, малака ошириш ва шартномалар тузишга сарфланади.

Бундан ташқари, вазир лойиҳанинг амалга оширилиши билан «корхоналар ташкил этилиши ва иш ўринлари яратилиши»ни таъкидлади.

«Қирғизистон фермерлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда катта муаммолар мавжуд. Қўшни давлатларга ютқазаётганимиз сабаби, логистика марказларимиз деярли йўқ бўлиб кетмоқда. Савдо логистика марказлари яратилмагунича бу муаммони ҳал қилиш қийин», — деди Жанйбеков.

Ушбу лойиҳа 2024 йилдан 2028 йилгача амалга оширилади. Кредит агрегатор ва процессорларга «Айил банк» орқали 10 йилга 12 фоиз билан берилади.