Қирғиз-тожик чегарасининг яна 24 километру 10 метри аниқланиб, келишиб олинди. Бу ҳақда 5 декабрь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 29 ноябрь куни Тожикистоннинг Бостон шаҳрида икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг топографик ишчи гуруҳи учрашуви бўлиб ўтган. Учрашув 5 декабрь куни якунланди.
Вазирлар маҳкамасидан музокаралар «дўстона ва ўзаро тушуниш руҳида ўтганини» таъкидлади. Томонлар тегишли баённомани имзоладилар. Чегарани белгилаш бўйича навбатдаги йиғилиш Қирғизистонда бўлиб ўтиши айтилди. Вазирлар маҳкамаси ҳозирча айнан қайси жойлар аниқланганини ошкор этмаган.
1 декабрь куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари ҳамраислари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов учрашган. Ташиевнинг айтишича, томонлар чегарани белгилаш бўйича «қатор принципиал қарорлар қабул қилган».
Шунингдек, Ятимов томонлар бир қатор муҳим масалалар бўйича келишувга эришганини тасдиқлаб, қолган мунозарали масалаларни ҳал этиш бўйича музокаралар давом этишини қўшимча қилган.
Шу йилнинг октябрь ойида Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг 43,32 ва 13,98 километрлари аниқлангани маълум бўлган эди. Ноябрь ойида чегаранинг 18 километрга яқин қисми келишиб олинган.
Қирғиз-тожик чегараси муаммоси
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Икки давлат президентлари 664 километр бўйича умумий фикрда эканликларини таъкидладилар. Белгиланмаган ҳудудлар туфайли Тожикистон билан чегарадош вилоятлар – Боткен, Ўш вилоятларида вақти-вақти билан можаролар содир бўлиб туради.
2021 ва 2022 йилларда қирғиз-тожик чегарасидаги йирик можародан бери Бишкек ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар заифлигича қолмоқда. Икки давлат чегараси 2021 йилнинг апрель ойидан бери ёпиқ.
Ўтган йили чегарадаги энг йирик қуролли тўқнашувда Қирғизистоннинг 63 фуқароси ҳалок бўлган – улардан 51 нафари ҳарбий хизматчилар эди. Можаро натижасида 206 киши жабрланган.
Тожикистон ҳукумати можарода 41 киши ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 81 киши эканлигини ёзди. Ҳар икки давлат можарода бир-бирини айблади.