Ақилбек Жапаров: Маълум бир кучлар савдогарларни қўзғатишга уринмоқда

286

Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров йирик бозорлар, савдогарлар ташкилотлари ҳамда давлат идораларининг вакиллари иштирокида йиғин ўтказди. Бу ҳақда 2 декабрда ҳукуматнинг матбуот хизматидан хабар қилинди.

Жапаров солиқ ўзгаришлари бўйича жамиятда нотўғри тушунча пайдо бўлиб қолганини айтди. Унинг фикрича, маълум кучлар маълумот етишмаслиги сабабли савдогарларни қўзғатишга уринмоқда.

«Давлат ҳозир халқ учун ишлайди, бойларнинг ва жамиятни порахўрлаштириб, жазосиз қолган “кичик гуруҳ”нинг манфаатларига хизмат қилмайди. Ҳукуматнинг барча даромадлари кимнингдир шахсий чўнтагига эмас, балки янги инфратузилмани барпо этиш, аҳоли турмушини яхшилашга сарфланишини халқ аллақачон кўрди”, — деди  ҳукумат етакчиси.

Солиқ хизматига эса икки ҳафта муддатда электрон ҳисоб-фактура билан йўл қоғозларини ишлатишни соддалаштириш вазифасини берди.

Шунингдек, тегишли органларга солиқ тузилмасидаги ўзгаришлардан аҳолини хабардор қилиш ишларини ташкил этиш ва фаоллаштириш топширилди.

Савдогарларнинг норозилиги

29 ноябрдан буён Қирғизистондаги бир қатор йирик бозорларда ишбилармонлар назорат-касса аппаратлари ўрнатилишига қарши чиқишмоқда. Митингга дастлаб «Қорасув» бозори савдогарлари чиққан, унда Солиқ хизмати мазкур бозор тадбиркорлари ККМ ўрнатишдан озод қилинади деб билдирган.

Эртасига «Дордой», «Мадина», «Орто-Сай» бозорининг савдогарлари ҳам митингга чиққан. Кейин норозилик акциясига Ўш, Талас, Иссиқкўл вилоятларидаги савдогарлари ҳам қўшилган.

1-декабрда «Аламудун», «Мадина», «Таатан» ва «Орто-Сай» бозорларининг касаба уюшмаларининг етакчилари МХДҚга сўроқ бериб чиққан.

«Норозилик акцияларининг ортида ким бор? Нимага чиқдинглар? Ким уюштирди? Деган саволларни беришди. Деярлик олти соат давомида ходимларнинг саволларига жавоб бериб, натижада ўзлари тайёрлаб берган қоғозга қўл қўйиб, кейин чиқдим. Улар имзо чекмасанг чиқмайсан деб айтишди. Биз савдогарлар ККМга қаршимиз, орқамизда бизни туртган ҳеч ким йўқ, тадбиркорлар ўзимиз чиқдик. Ҳар бир фуқаро ўз позициясини билдиришга ҳақли», — деди «Аламудун» бозорининг профсоюз етакчиси Гулжан Эргешова.

2-декабрда президент Садир Жапаров савдогарларнинг норозилигини текширувчи махсус комиссия тузди.