Марказий сайлов қўмитаси Бишкек ва Ўш шаҳарлари мэри сайловлари санасини 2014 йилнинг 15 январига тайинлади. Номзодларни давлат премьер-министри ва шаҳар кенгашидаги партиялар кўрсатиши мумкин.
Қирғизистоннинг икки йирик шаҳарлари мэри сайловларининг ўтишига мазкур лавозимлардан аввал Бишкек мэри Иса Омуркулов ва унинг ортидан Ўш мэри Мелис Мирзакматовнинг кетиши сабаб бўлди.
Ҳар икки ҳолатда мэр истеъфоси можаролар билан кузатилди — Омуркулов ер қонунчилигини бузганликда айбланиб жиноий иш очилгандан сўнг 4 декабр куни истеъфога берган бўлса, Мирзакматов марказий ҳукумат билан тушунмовчиликдан сўнг 5 декабр куни лавозимдан четлатилди.
12 декабр куни президент Алмазбек Атамбаев Бишкек ва Ўш статуси ҳақидаги қонунни имзолагач, Марказий сайлов қўмитаси сайловлар кунини белгилади.
Қонунга мувофиқ, мэрлар шаҳар кенгаши депутатлари тарафидан танланади.
Мэр лавозимига номзодларни Бош вазир Жанторо Сатибалдиев ва шаҳар кенгашидаги фракциялар кўрсата олади.
Бишкек мэри учун кураш қандай кечиши ҳозирча номаълум — пойтахт кенгашида кўпчиликни президент партияси вакиллари ва улар билан коалицияга бириккан партиялар тузади.
Ўш шаҳар кенгашида эса ҳолат бироз қийинроқ — 25 декабр куни «Замандаш-Современник» партиясидан бир депутатдан мандат олиб қўйилгач, собиқ мэр Мирзакматовнинг «Улуттар биримдиги» партияси озчиликда қолди.
«Замандаш-Современник» партиясидан янги сайланган депутат ҚСДП тарафига ўтди ва улар кўпчилик коалициясини тузишга эришди.
Бироқ, аввалги коалиция каби ҳозирги кўпчилик коалицияси бир овоз билан фарқ қилгани боис, сайловлар кутилмаган натижани ҳадя қилиши мумкин.