Россия Думасининг депутатлари давлатга келган меҳнат муҳожирларининг иш вақтида ўз она тилида гаплашишни тақиқлашни таклиф қилди. Мазкур тақиқни ўз ичига олган қонун лойиҳасига ёзилган баённомада депутат 20дан ошиқ хатога йўл қўйган.
Россиянинг либерал демократлар партиясидан депутат Ян Зелинский ва Елена Афанасьевага кўра, меҳнат муҳожирлари иш вақтида рус тилида гапиришга мажбур.
«Коммерсант» газетасига берган интервьюда Зелинский унинг ғояси ижросини полициячилар кузатиши кераклигини билдирган.
Депутатнинг айтишича, ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ўз она тилида гапириши унга ёқмайди.
«Масалан, бир магазинда икки молдовалик ва икки ўзбекистонлик аёл бўлса ва улар ўз она тилида гаплашса, қандай бўлади? Улар нима ҳақида гаплашяпти? Балки улар теваракдаги уйни портлатмоқчи бўлган террорчидир ёки бизнинг халқи русимизни таҳқирлаётгандир», — деди депутат интервьюда.
У, шунингдек, меҳнат муҳожирлари рус тилини ўз ватанларида ўрганиши кераклигини айтади.
«Агар қирғиз, ўзбек, тожик келиб Россияда ишламоқчи бўлса, марҳамат қилиб рус тилини ўрганиб келсин. Ўзбекистонда рус мактаблари бор, у ерда собиқ Советлар иттифоқи давлати бўлган. Ўша ердан ўргансин русчани», — деди Зелинский.
Айни вақтда Би-би-си журналистлари депутатнинг ўз қонун лойиҳасига ёзган баённомасида 20дан ошиқ хатони топишган.
«Кўп келишиклар ўрнида келтирилмаган, нотўғри қўлланилган, керак жойларда вергуллар қўйилмаган, шунингдек баённомадаги баъзи ибораларнинг қўлланиши бошланғич синф ўқувчисини ҳам ҳайратга солиши мумкин», — деб ёзади Би-би-сининг рус хизмати.
Зелинский 12 декабр куни кеч қонун лойиҳасини тугутганини ва ва адашиб мазкур хатоларга йўл қўйилган бўлишлигини айтди.
Менда бир ғоя туғилса, уни ёддан чиқмаслиги учун мен уни нуқта-вергулига қарамай ёзаман, чунки бу тил жуда қийин, дунё тиллари ичида энг қийин тиллардан бири», — деди депутат «Коммерсант»га.
Зелинский таклифи Россия жамиятида турлича қабул қилинди. Бу ғояни мигрантларга бўлган салбий муносабати билан машҳур депутат Жириновский ҳам қўлламади.
«Одамларнинг ўз она тиллари бор, қандай қилиб уни тақиқлаш мумкин? Балки у рус тилида гапиришга қийланар. Бу унинг шахсий ташаббуси, биз қўлламаймиз», — деди Жириновский.